АсосийSUG'DIYONA

Тақдирини даҳолар билан боғлаган 7 аёл

Тақдир уларга даҳоларнинг турмуш ўртоғи бўлишдек бахтни ҳадя этди. Уларнинг шахсий ҳаёти бошқалар ўйлагандек силлиқ ва осон кечмаган. Қуйида сизга буюк ёзувчилар, композиторлар, олимларга турмушга чиққан аёллар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Эльза Эйнштейн

Альберт Эйнштейннинг иккинчи ва сўнгги рафиқаси, 17 йил бирга яшашган.

“Бу бесўнақай қоматли аёл ҳаётий куч-қувватга тўла эди. У эрининг буюклигидан том маънода фахрланар ва буни ҳеч кимдан яширмасди”, деб таъриф берганди Чарли Чаплин. Эйнштейн билан умргузаронлик қилиш жуда қийин эди, чунки Эйнштейн ҳар  доим у билан бахтсизлигидан очиқдан-очиқ шикоят қилар, алоҳида хонада ухлар ва сон-саноқсиз маъшуқаларга эга эди. Аммо шунча гапга қарамай, буюк физик ундан ажрашишни хаёлига ҳам келтирмаган, ҳаттоки маъшуқаларидан бирига учаласи бирга яшашни ҳам таклиф қилган дейишади. Эльза даҳо ҳам адашади деб уни доимо кечириб келган. Вафодор аёл сўнгги нафасигача Эйнштейн билан бирга бўлган. Эльзанинг ўлимига Эйнштейн аза тутмаган, аммо бошқа уйланмаган.

Констанца Моцарт

Бастакор Вольфганг Амадей Моцартнинг ягона турмуш ўртоғи, 9 йил бирга яшашган.

Констанцанинг Моцарт билан қурган турмуши фақат жанжал-тўполон, фалокатлар билан кечган. Қашшоқлик, касаллик, очлик, турли кўч-кўчлар уларнинг доимий ҳамроҳи бўлган. Констанца дунёга келтирган олти фарзанднинг тўрттаси оламдан ўтган. Баъзи бир тарихчиларнинг ёзишича, Констанца беғам, енгилтабиат аёл бўлган, уни ҳатто хиёнатда ҳам айблашган. Аммо айнан шу аёл эрининг биринчи тингловчиси, танқидчиси бўлган ва унинг барча асарларини ёддан билган. Бастакор оламдан ўтганда Констанца 29 ёшда бўлган, кейинчалик у бошқа одамга турмушга чиққан ва Моцарт ҳақида китоб ёзган. Аммо бу китоб маълумотлар нотўғри берилган деб тарихчиларнинг танқидига учраган.

Наталья Гончарова

Ёзувчи ва шоир Александр Пушкиннинг ягона турмуш ўртоғи, 6 йил бирга  яшашган. 

Кўпчилик тарихчиларнинг фикрича, айнан Наталья Гончарова буюк шоирнинг ўлимига сабабчи бўлган. Александр Сергеевичнинг севгилисини улар “калласи бўм-бўш қўғирчоқ”, маишатни яхши кўрадиган, Дантес билан дон олишган аёл сифатида таърифлашган … У аслида ҳам шунақа аёлмиди? “Менинг кимлигини фақатгина Яратган эгам билади ва саноқли одамгина қалбимга йўл топа олади”, — деганди ёқимтой, одамови Гончарова. Пушкин билан яшаш оғир эди, у кўп қарз олар, пулларини қартада ютқазар эди. Гончарова акасига ёзган хатларининг бирида шундай деганди: “Биз шунчалик танг аҳволдамизки, уйимизда ҳеч нима йўқ, нима қилишга ҳам ҳайронман”. У ўзини аямас, эрининг аҳволини енгиллаштиришга, ижод қилишига имкон яратиб беришга ҳаракат қиларди.

Пушкин оламдан ўтганда 25 ёшли Наталья айрилиқдан телба бўлиш даражасига етган. У узоқ вақт фарзандлари билан хотираларга берилиб яшаган. Орадан етти йил ўтгач, бошқа одамга турмушга чиққан.

Софья Толстая

Лев Толстойнинг ягона турмуш ўртоғи, 48 йил бирга яшашган

Софья бутун борлиғини “рус адабиёти” га бағишлаган эди. У эри буюрган барча ишларни жон-дили билан бажарар, молга, болаларга, деҳқонларга қарар, Лев Толстойнинг қўлёзмаларини оққа кўчирар, таҳрир қилар, хатоларини тузатарди. Софья учун эри “бутун дунё” эди. “Сенсиз менга дунё қоронғи, баъзан фақатгина сен яхши кўрган нарсаларнигина яхши кўраётгандай туюлади менга”, дерди у эрига. Толстой эса йиллар ўтган сари ундан узоқлашаверди, Софья ҳомиладор бўлишига қарамай далада ишлашга мажбурлар, рашк қилишни тақиқлар, сўзсиз итоат этишни талаб қиларди. Софья кундалигида ўзини эрига қурбон қилганлиги ҳақида шундай деб ёзганди:

“Мен – лаззат манбаиман, мен – энагаман, мен – оддий мебелман, мен – аёлман...” 

Улар тинимсиз жанжаллашишар, Толстой ўлими олдидан эса уйдан чиқиб кетганди. Софья ўзини сувга ташлаб, чўктирмоқчи бўлганда, қутқариб қолишган. Вафодор аёл эрининг ўлимидан кейин тўққиз йил умр кўрган.

Анна Достоевская

Ёзувчи Фёдор Достоевскийнинг иккинчи ва сўнгги рафиқас, бирга 14 йил яшашган

Анна Достоевская Фёдор Михайлович учун рафиқаси, дўст, ҳаммаслак, ҳақиқий суянчиқ бўлган. Ёзувчининг оғир феъл-атвори, касаллиги, қиморга бўлган иштиёқи, қашшоқлиги, қарздорлиги Аннани чўчитмаган, балки у эрининг ҳаётини ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қилган. У ўз ҳис-туйғулари ҳақида шундай деб ёзган:

“Унинг жуфти ҳалоли бўлиш ҳақидаги орзум рўёбга чиқди, энди мен унинг қийинчиликларига шерик бўлишим лозим. Фёдор Михайлович ишонганим, пирга айланди, мен бир умр унга тиз чўкиб, сиғинишга тайёрман. Анна нафақат эрининг романларини стенография қилган, балки уларни қайта кўчириб, таҳрир қилган, китобларини нашр қилиб, ўзи сотган. Ўша пайтларда китоб сотиш ишлари йўлга қўйилмаган эди. Анна илк тадбиркор аёллардан бирига айланди. Фёдор достоевский вафот этганда Анна 35 ёшда бўлган. У қайта турмуш қурмай, ҳаётини ёзувчининг олтин меросини асрашга бағишлаган.

Валентина Бродская

Рассом Марк Шагалнинг иккинчи ва сўнгги рафиқаси, 33 йил бирга яшашган.

Агар Марк Шагалнинг биринчи рафиқаси рассом учун илҳом париси ҳисобланган бўлса, иккинчи рафиқаси Валентина менежерига айланган. Ҳеч ким ёзувчининг ижодига валентиначалик катта эътибор бермаган. Валентина, уни рассом Вава деб атаган, суратларни сотиб, катта даромад эгасига айланиш учун эрининг ижод қилишига барча шароитни яратиб берган. Кучли, иродали ва қатъий Вава рассомни руҳан эзиб, суратларида яҳудийлар мавзусини акс эттирмасликка, болалари ва яқинлари билан алоқа қилмасликка мажбур қилган. Валентина турмуш ўртоғи вафот этгандан саккиз йил кейин оламдан ўтган.

Мария Соццани

Шоир ва ҳикоянавис Иосиф Бродскийнинг ягона рафиқаси, 6 йил бирга яшашган

Томирида итальян ва рус қони оқаётган бу аёлни шоир ўлимидан бир неча йил олдин учратган. “Мен — Иосифман, у эса — Мария. Балки бирга бўлсак, бахтли бўлармиз”, — дерди  Бродский жилмайиб. Улар олти йил бахтли ҳаёт кечиришди, Соццани шоирга нафақат дўст ва ҳамкор бўла олди, балки унга Анна исмли қизалоқни ҳам ҳадя этди. Мария Соццани-Бродская эрини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади, лойиҳаларини амалга оширишда ҳам ёрдамини аямади. Эрининг ўлимидан кейин эса унинг меросини асраб-авайлашда давом этди.

 

    Бошқа янгиликлар