Ўзбекистонда 12-13 март кунлари бўлиб ўтган умумхалқ хайрия ҳашарида 18 миллиондан кўпроқ юртдошимиз иштирок этди. Ҳашар иштирокчиларининг 11,5 миллиондан кўпроғини ёшлар ташкил этди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг маълумотига кўра, ҳашар кунлари 43 минг гектардан кўпроқ майдон ободонлаштирилган. 27 минг километр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланган. 9 мингдан кўпроқ зиёратгоҳ ва қабристон тартибга келтирилган. 18 миллион тупдан зиёд дарахтларга шакл берилиб, оқланган.
Боғлар, ҳовлилар, кўп қаватли уйлар атрофи, кўча, хиёбон ва сайилгоҳларга 22 миллион тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати, ўн тўрт миллион тупдан ошиқроқ гул экилган.
Ҳашар кунлари халқимизнинг меҳр-оқибат, мурувват, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу қадриятлари янада кенг намоён бўлди. Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг турар жойлари таъмирлаб берилди. Саховат ва Мурувват уйларида яшовчилар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, имконияти чекланган, кам таъминланган ва кўп болали оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар “Маҳалла” жамоат фондининг ҳисобрақамига ўтказилади. Бу маблағлар кам таъминланган фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш, маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар атрофи, гузарлар, мавзелар, болалар майдончалари, зиёратгоҳларни ободонлаштириш каби хайрли ишларга йўналтирилади.





