Футбол бўйича Ўзбекистон ХХV миллий чемпионати олий лига баҳсларининг иккинчи тур учрашувлари доирасида амалдаги чемпион – “Пахтакор” жамоаси ўз майдонида “Қўқон – 1912” жамоаси устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувда Игорь Сергеев иккита, Шерзод Каримов ва Суҳроб Бердиев биттадан тўп киритиб, жамоасининг муваффақиятини таъминлади. Иккита ғалабага эришган “Пахтакор” 6 очко билан мусобақа жадвалида биринчи ўринда бормоқда.
“Локомотив” клуби меҳмонда “Андижон” жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. “Насаф” сафарда “Олмалиқ”ни, “Металлург” эса “Машъал”ни худди шу ҳисобда енгди.
“Бунёдкор” сафарда “Сўғдиёна” жамоасини, “Қизилқум” “Шўртан”ни, “Нефтчи” эса ўз майдонида “Навбаҳор”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
“Обод” (Тошкент) ва “Бухоро” жамоалари ўртасидаги баҳсда ҳисоб очилмади.





