Актёр Жавоҳир Зокиров рафиқаси Шаҳризод Ғулом билан қандай танишгани ҳақида “Darakchi.uz” мухбирига сўзлаб берди.
“Рафиқам билан бир-биримизни болалигимиздан бери яхши биламиз. Мактабда ўқиб юрган кезларимда у билан яқиндан танишишга, эътиборини қозонишга ҳаракат қилардим. Аммо у жуда гўзал ва мағрур қиз эди. У ўқийдиган 17-мактабда дўстларим ўқиганлиги боис тез-тез мактабига бориб турардим. Йиллар ўтди, биз ҳам вояга етдик. Орадан бир неча йил ўтгач, унга интернет орқали хат ёздим. Ундан жавоб келди, шундан кейин тез-тез интернет орқали хат ёзишадиган бўлдик. Илк маротаба телефонда гаплашган куним бир умр ёдимда қолган, айнан шу куни менга турмушга чиқишни таклиф қилдим. У таклифимни рад этмай, “Ўйлаб кўраман” деб жавоб берди. Мен ўзимни қайсар десам, у мендан баттар ўжар экан, таклифимнинг жавобини бир йил “ўйлади”. Менинг Шаҳризодам шунақа, мана ҳозир бир қиз ва икки ўғилнинг ота-онасимиз. Ўзимни дунёдаги энг бахтли эркаклардан бириман деб қўрқмай айта оламан. Севимли рафиқам менга шириндан-шакар фарзандларни ҳадя этди, ўзимни унинг олдида бир умр қарздор деб ҳисоблайман. Аммо бу қарзни умрим давомида ҳам уза олишимга кўзим етмайди.
Азиз аёллар, сизларга тилагим шуки, оилангиз, севимли инсонингиз бахтига доимо соғ ва саломат бўлинг. Сизнинг ҳар бирингиз бундай бахтга лойиқсиз. Рафиқамга эса, ҳар доим шундай гўзал бўлиб қолишини, ҳормай-толмай, қувноқ юришини тилайман. Ҳар куни ёнингизда бўлган яқинларингиз сизларни мақтовларга кўмиб, кайфиятингизни кўтарсин. Асосийси сизларни муҳаббат тарк этмасин, ҳар қанча инжиқлик қилиб асабингизга тегсак-да, биз яқинларингизни севишдан тўхтаманг. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч бўлсин, қолган нарсаларга эришиш қийин иш эмас”.





