Ўзбекистон Футбол Федерациясининг мажлислар залида футзал бўйича терма жамоа аъзоларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Федерация президенти Мираброр Усмонов, биринчи вице-президент Сардор Раҳматуллаев ва Ўзбекистон Футзал Ассосиацияси президенти Фазлиддин Сирожиддинов иштирок этди.
Маросимни кириш сўзи билан очиб берган Сардор Раҳматуллаев футзал бўйича Осиё чемпионати ва уни ташкил этишда иштирок ишчи гуруҳининг барча аъзоларига ташаккурнома изҳор қилиб, бош мақсад – жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилганлиги билан Ўзбекистон миллий терма жамоасини, Ўзбекистон футзал ассосиациясини табриклади. Сардор Раҳматуллаев, шунингдек, ушбу йўлланмани қўлга киритиш учун тегишли мутасаддилар йиллар давомида иш олиб борганини ва якунда мақсадга эришилганини айтар экан, бунинг учун энг аввало спортга эътиборни қаратаётган Ўзбекистон ҳукуматига алоҳида ташаккур билдирди ва 2015 йил муваффақиятли тугаганини ва у Ўзбекистон футзали тарихидаги энг муваффақиятли давр бўлганлигини урғулади.
Шундан сўнг бошловчи Ўзбекистон Футзал Ассосициясининг Ижроия Қўмитаси қарорини ўқиб эшиттирилди. ЎФФ Бош котиби Сардор Раҳматуллаев ва Ўзбекистон Футзал Ассосиацияси Президенти Фазлиддин Сирожиддинов терма жамоа аъзоларига гул ва пул мукофотларини топширди.
Сардор Раҳматуллаев Ўзбекистон Футзал Ассосиацияси вице-президенти Жаҳонгир Усмоновга Ўзбекистон Футбол Федерациясининг бриллиант кўзли нишонини топширди.
Ушбу нишон бунгача фақат 4 кишига, улар – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, ФИФАнинг собиқ президенти – Зепп Блаттер, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов ва ФИФА рефериси Равшан Эрматовларгагина топширилган бўлиб, Жаҳонгир Усмонов ушбу орденни қабул қилиб олаётган бешинчи шахс сифатида тарихга кирди.
Бу орада Сардор Раҳматуллаев ОФК Президенти Шайх Салмоннинг футзал бўйича Осиё чемпионатини муваффақиятли ташкил этилгани муносабати билан ЎФФга йўллаган табрикномасини ўқиб эшиттирди. Шундан кейин Раҳматуллаев Ассосиция президенти Фазлиддин Сирожиддиновга ЎФФнинг махсус нишонини тақиб қўйди.
Маросим якунида Мираброр Усмонов сўзга чиқиб, Ўзбекистон футзал терма жамоасининг барча аъзоларига алоҳида ташаккур билдириб, Колумбияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида омад ва муваффақиятлар тилади.





