Бугун, 6 март куни соат 18:00 да Алишер Навоий номли киносаройда режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Мажнун” драматик мелодрамаси тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Маросимга тайёргарликни фильм ижодкорлари анча олдин бошлаб юборган эди. Хусусан, Алишер Навоий номли киносаройга фиьмнинг 27 метрли билборди ўрнатилгани ҳақида хабар бергандик.
Бугунги тақдимот маросими ҳам кутилмаган ҳодисаларга янгиликларга бой тарзда ўтди. Жумладан, премьерага ташриф буюрган таниқли санъаткорлар кинозалга махсус тўшалган қизил йўлакчадан ўтиб боришди. Маълум бўлишича, киносаройдаги фильмлар тақдимот маросимида анчадан бери бундай ҳолат кузатилмаган.
“Мажнун” фильмининг илк намойишида кўплаб машҳур санъаткорлар ташриф буюрганига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон халқ артисти Саида Раметова, актёрлар Матёқуб Матчонов, Алишер Узоқов, Асал Шодиева, Адиз Ражабов, Раъно Шодиева, Муҳаммад Исо Абдулҳаиров, Улуғбек Қодиров режиссёр Рустам Саъдиев ва бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Қизил йўлакчада хонанда Шоҳруҳхон ва актриса Асал Шодиеванинг биргаликда пайдо бўлиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Тасодифанми ёки бошқа сабаблар билан биргаликда қизил йўлакчага кириб келган бу икки санъаткор мажбурликдан илк “Мажнун” паноси олдида суратга тушишди. Қизил йўлакча бўйлаб, бирин кетин кириб келишни бошлаган актёр ва актрисани тўхтатиб, суратга тушиш сўралганида, Асал суратга тушиш учун тўхтаган бир пайтда Шоҳруҳхон намойишкорона тарзда суратга тушишдан бош тортди ва актрисанинг орқа томонидан тезгина юриб ўтиб кетди. Бу ҳолат йиғилганларни ажаблантирди.

Фильм воқеаларига ва мазмунига тўхталмаймиз, яхшиси ўзингиз кўриб баҳо беринг.





