Француз рассоми Жан-Леон Жеромнинг “Чўпон” номли сурати ўғирлангандан 70 йил ўтиб, Хабаровск шаҳридаги Узоқ Шарқ бадиий музейига қайтарилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.
Ушбу сурат Эрмитаждан 1931 йилда Хабаровскка келтирилган, аммо у 1946 йилда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилади. Бундан бир неча ой муқаддам федерал хавфсизлик хизматига “антиквар қора бозор”да француз рассомининг қимматбаҳо сурати сотувга қўйилгани ҳақида хабар келиб тушади.
Олиб борилган тезкор ишлар натижасида ходимлар сурат шу пайтгача кимда сақлангани ҳақидаги маълумотга эга бўлдилар. Француз рассоми ва ҳайкалтароши Жан-леон Жером ушбу суратни 1857 йилда чизган бўлиб, унинг халқаро аукциондаги ва антиквар бозордаги нархи 3 миллион долларни ташкил қилади.
Сурат март ойининг бошида ўтказиладиган “Номаълум Эрмитаж” кўргазмасида намойишга қўйилади.





