Twitter фойдаланувчилари Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллигига бағишланган #BoburDay ҳештегини жаҳон трендига олиб чиқди.
Акция 14 февраль куни соат 14:00 дан старт олиши олдиндан маълум қилинганига қарамай, Тошкент вақти билан 07:30 дан бошлаб нафақат Ўзбекистондаги, балки хорижда таълим олаётган ўзбекистонлик интернет фаоллари #BoburDay ҳештеги илова қилинган кўплаб твитларни ёзишга киришди.
«Hashtags.org» сайти маълумотларига кўра, соат 14:00 гача ҳештегдан фойдаланган ҳолда 49 минг, кейинги бир соатда эса 72 400 та твит ёзилган.
#BoburDay ҳештеги иштирокида Twitter’да 300 мингга яқин, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида эса 150 мингдан ортиқ постлар қолдирилган. Акция давомида ижтимоий тармоқларда 5 миллионга яқин фикр, мулоҳаза ва муносабатлар билдирилган, дея хабар беради Дарё нашри.
Ушбу акцияда Ўзбекистон билан бирга дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларидан иштирокчилар қатнашди. Ўзбекистонлик талаба ёшлар ташаббусини санъаткорлар қўллаб-қувватлаб турди.





