АсосийJamiyat

2015 йилда 90 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси марказий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Сўнгги 15 йилда ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 1,8 баробар ошиб, 2015 йилда бу кўрсаткич 56,7 фоизни ташкил этди. Бугунги кунда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолининг 77 фоиздан ортиғи ушбу тармоқда меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов 2015 йилда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Жумладан, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, маҳсулотлар экспортига кўмаклашиш, инвестициялар жалб этиш ва корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бугунги кунда Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари қошида 135 ахборот-маслаҳат маркази, жумладан, 5 ўқув маркази фаолият юритмоқда. Ўтган йили улар томонидан таъсис ҳужжатлари, бизнес режалар тайёрлаш, бухгалтерлик ҳисобини юритиш, суғурта қилиш ва бошқа бизнес жараёнлар бўйича қарийб 39 минг хизмат кўрсатилди.

Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари қошида ҳакамлик судлари фаолият юритмоқда. Ҳисобот даврида улар томонидан 1,1 мингдан ортиқ иш ва даъво аризаси кўриб чиқилди.

Савдо-саноат палатаси ва унинг таркибий бўлинмалари томонидан жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тадбиркорлар кунлари ўтказилмоқда. 2015 йилда шундай тадбирларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 100 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти иштирок этди. Улардан турли масалалар бўйича 17 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг аксарияти жойларда кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси мамлакатимиз тадбиркорлари ва хорижлик шериклар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга кўмаклашганини таъкидлаш жоиз. Чунончи, 2015 йилда хорижий ишбилармон доиралар иштирокида 20 дан ортиқ кооперация биржаси ва бизнес-форум ташкил этилди. Шунингдек, 183 тадбиркорнинг хорижий давлатлар, жумладан, Германия, Италия, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда ўтказилган 49 кўргазма ва ярмаркада иштирок этиши таъминланди. Ўтказилган тадбирлар якуни бўйича қарийб 90 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

 

 

    Бошқа янгиликлар