Ўзбекистон Бадиий академиясининг Икуо Хираяма номидаги халқаро маданият карвон саройида “Ўзбек қўғирчоқлари” деб номланган кўргазма очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унинг очилишида ёш авлод маънавий оламини болаликдан эзгу ғоялар асосида шакллантириш, уларга пухта таълим-тарбия бериш, ҳар томонлама комил инсонлар этиб вояга етказиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани таъкидланди.
Мутахассисларнинг фикрича, ўйинчоқ нафақат болани овунтиришга, балки жисмоний ва маънавий камолотига, асаб фаолияти, тафаккурининг шаклланишига ҳам хизмат қилади. Шу боис ўйинчоқларнинг нафислиги, тоза маҳсулотдан тайёрланганлиги, маънавий жиҳатларига эътибор қаратиш алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур кўргазмада ҳунарманд Дилфуза Эсоналиеванинг қирқдан зиёд миллий қўғирчоқлари намойиш этилмоқда. Шарқ аёллари, кўза кўтарган қиз, келин, куёв, Бухоро қизи, созанда, лапарчи қиз каби қўғирчоқлар аввало, юқори сифати, қолаверса, ёшларни миллий урф-одатларга, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
06.02.2016 15:24





