АсосийJamiyat

Тошкент шаҳрида муддатли ҳарбий хизматга чақирув старт олди

Хабарингиз бор, 2015 йилнинг 23 декабр куни давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида” қарорни имзолаганди.

Бугун ана шу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пункти томонидан муддатли ҳарбий хизматга отланаётган ёшларнинг дастлабки гуруҳини тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда муддатли ҳарбий хизматга йўл олган чақирилувчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

-    Анчадан бери орзу қилиб кутилган дамлар келди, - 19 ёшли муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи Моҳиржон Рустамов. - Мен мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафига қабул қилинганимдан хурсандман. Мақсадим ҳарбий хизмат даврида ҳам юртбошимиз ва халқимиз олдида бор садоқатимизни кўрсатиб, юртимизга фойдаси тегадиган инсон бўлиш. Шунингдек, ҳарбий хизматни ўтаганлар учун олий ўқув юрти талабаси бўлиш учун берилган имтиёзлардан фойдаланиш учун сидқидилдан хизмат қиламан. 

-    Ўғлим бир ярим йилдан бери шу мақсад сари тайёрланиб келяпти, - дейди Моҳиржоннинг қувонч ёшларини яширолмаган онаси Муяссар Акромова. - Мана, ўғлим мақсадига етди. Ўғлимга юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, қўриқлаш каби юксак ишонч билдирилганидан бошим осмонда. Ўғлимни ҳарбий кийимида кўриб турганимдан мен ҳам хурсандман.

Кузатув маросимида куй-қўшиқлар янгради. Муддатли ҳарбий хизматга йўл олган чақирилувчиларга эсдалик совғалари топширилди.  

 

    Бошқа янгиликлар