АсосийSport

ФИФА Президентлигига беш нафар номзод кўрсатилди

Халқаро футбол федерацияси сайлов қўмитаси ташкилот раҳбарлигига номзод сифатида беш кишини кўрсатди.

Сайловлар ташкилотнинг навбатдан ташқари конгрессида 26 февраль куни бўлиб ўтади, дея хабар беради Еuronews.

Бу ҳақда ФИФА бош котиби вазифасини бажарувчи Маркус Каттнернинг баёнотида айтилган.

ФИФА Президенти сайловида: 45 ёшли УЕФА бош котиби Жанни Инфантино, Осиё футбол конфедерацияси раҳбари (ОФК) шайх Салмон бин Иброҳим ал-Ҳалифа,  Иордания шаҳзодаси Али бин ал-Хусайн, ЖАР уй-жой қурилиши бўйича собиқ вазири ва Нельсон Манделанинг сафдоши Токио Сексвале, ФИФА собиқ бош котиби ўринбосари француз Жером Шампанлар иштирок этади. 

ФИФА раҳбари яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Биринчи босқичда ғалаба қозониш учун 2/3 овоз тўплаш керак, кейингиларида эса – 50% плюс яна битта овоз.

ФИФА Президенти тўрт йил муддатга сайланади. ФИФАнинг ҳозирги президенти Йозеф Блаттер 29 май куни ташкилот конгрессида навбатдаги муддатга қайта сайланган, бироқ тўрт кун ўтгач ташкилотдаги коррупция масалаларига оид можаролар сабабли истеъфога чиқишини маълум қилган.

21 декабрь куни Блаттер, шунингдек УЕФА президенти Мишель Платини ФИФАнинг аҳлоқ қўмитаси қарори билан 8 йил муддатга футболдан четлаштирилди. 

 

    Бошқа янгиликлар