АсосийShou-biznes

Акшай Кумар: “Шахсий ҳаётимга ҳеч ким аралашмаслигини истайман”

Карьерасини модель сифатида бошлаган бугунги қаҳрамонимиз актёр сифатида 1991 йилда “Ваъда” фильми орқали кинога кириб келган. Айни пайтда Акшай КУМАР ижод билан қаторда продюссерлик марказига ҳам эгалик қилмоқда... 

— Отангизнинг қайси “олтин қоидаси” эсдалик бўлиб қолган?

— Отам ҳарбий эди. Шу сабаблими оиламизда  вақтга нисбатан қатъий муносабат шаклланган.  Болалигимда соат тонгги 5 да уйғонардим. Ҳамон эрта ухлаб вақтида уйғонишга ҳаракат қиламан.

— Қайнотангиз Ражеш Кханна билан муносабатларингиз ҳақида сира гапирмагансиз?

— Балки кўп сўрашмагани учундир. У кишини Твинклдан аввал таниганман. Ражеш соҳиб менинг фильмимга продюссерлик қилган. Бағрикенг одам эди, ҳеч қачон кўпчилик орасида оилавий муносабатларни муҳокама қилмасди. Биз ҳамиша ўзаро дўстлигимизни қадрлаганмиз. 

— Одатда қизлар турмуш ўртоғида отасининг қайсидир фазилатларини излайди. Твинкл ҳам шундайми?

— Тина учун ота-онаси ҳамиша биринчи ўринда турган. Бундан ҳеч қачон хафа бўлмаганман. Яна рафиқам ҳамиша “Менинг ота-онам “Миллий мукофот” олишган. Сенга қачон беришади?” дейишни канда қилмайди.

— Рафиқангиз билан келишмоқчиликлар ҳақида кўп ёзишган. Бундай рекламага муҳтож бўлмасангиз керак?

— Қачонлардир ҳар бир қадамим ҳақида ёзишларини истаганман. Буни ҳеч қачон инкор этмайман. Лекин бора-бора “қанийди  мени тинч қўйишса”, деб ўйлашни бошлайсиз. Ҳозир шахсий ҳаётимга ҳеч ким аралашмаслигини истайман. Муаммоларимизни рафиқам билан ҳал қилиш кўпроқ ёқади. Қолаверса, болаларимиз биз ҳақимизда ҳамиша яхши фикрда бўлиши ҳаммасидан муҳимроқ.

— Ўғлингиз Аарав билан суҳбатлашиб турасизми?

— Албатта, мен қаттиққўл ота эмасман. Лекин Тинанинг болаларимизга нисбатан маълум маънода тақиқлари бор. Шунинг учун Аарав кўпинча мен орқали чегарани босади. Қизим Нитара ҳали ёш бўлгани учун ваколати бор. Аарав менинг касбимни ҳали тўлиқ тушуниб етмаган. Кўпинча у мактабдан дастхат сўрашганини айтади. Менимча, ўғлимга омманинг эътиборида бўлиш унчалик ёқмайди. У энди 12 ёшга киради, сал улғайсин кейин соҳам ҳақида унга кенгроқ маълумот бераман.

— Рафиқангиз жиддий аёл. У билан ҳазил ва чиннинг чегарасини белгилаб олганмисиз?

— Ҳаётимиз ҳамиша тинч ва осуда, десам ёлғон бўлади. Аслида оилада қандайдир тушунмовчиликларнинг бўлиши табиий. Тина билан яшаш завқли, рости, усиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Оилавий дам олишлар, муҳим саналар, фарзандларимиз учун махсус кунлар унинг ҳеч қачон ёдидан кўтарилмайди. Агар у мени ишга кузатмаса нимамнидир уйда қолдиргандек ҳис этаман.

— Комедиядан чарчамадингизми?

— Чарчамадим! Лекин ҳозир “амплуа”ни ўзгартириш вақти келганини сезяпман. Бирхиллик чархланишга имкон бермайди. Салбий қаҳрамонларни ўйнагим келяпти.

— Қайси режиссёр сиздан ажойиб қаҳрамон ясашига ишонасиз?

— Санжай Лила Бхансали! Унинг таклифини анча йиллардан буён кутаяпман.

— Романтик эдингиз...

— Ҳамон шундайман! “Титаник”ни қайта-қайта томоша қиламан. Айтганча, ўғлим ҳар сафар “Дада, агар Кейт бўлмаганида Леонардо  чўкмасди”, дейди. Нимагадир у Розани ёқтирмайди.

— Болливудда яқин дўстларингиз борми?

— Яқинларим кўп. Лекин қадрдонларим - мактабдаги дўстларим. Улар учун мен Акшай эмасман,  шунчаки  Ражив Бхатияман! 

    Бошқа янгиликлар