Унинг кўзларида ёш ҳам кулади. Биргина табассуми уни эслаб қолиш учун етарли сабаб бўлади. Мадхури Дикшит иштирокидаги фильмлар дунё экранларини безаган. Айни пайтда у таклифлар қуршовида бўлмаса-да, мухлислар эъзозидаги актриса. Яқинлари унинг оилапарвар эканлигини алоҳида эътироф этишади...
— Юлдузли онларнинг соғинчи завқли бўлса керак?
— Нега бундай савол бераяпсиз?! Ахир мен ҳамон “юлдуз”ман, ҳали ҳам киносаноатда ўрним бор. Балки фильмларим, матбуотдаги чиқишларим камайгандир. Бу мени “юлдуз”лар сафидан ўчириш учун етарли сабаб бўлмаса керак.
— Тан олинг, бир неча уринишларингиз омадсиз чиқди?
— Албатта, тан оламан. Ижодимни таҳлил қилиб кўрсангиз, омадсиз кинокартиналарим кўп. Лекин ҳеч қачон улар менинг мавқеимни белгиламайди.
— Бу жараён рейтингга даҳл қилади-ку!
— Рейтинг ҳақида эмас, одамларнинг юраги ҳақида гапирдим. Шундай фильмларим бор, мухлислар уларни сўзма-сўз ёдлаб олишган. Аслида мен учун “юлдуз”лик бу — бир-бир қўзғаб қоладиган иситмага ўхшаш касаллик. Ўзимни бутунлай бу дардга бериб қўймаганман. Шунчаки, тасодифан шу мавзудан сўз бошлаганингиз ғалати бўлди.
— Жухи Чавла, Шри Деви ва сиз. Ўртангизда нима бор?
— Рақобат, деган жавобни кутаяпсиз (кулади). Албатта, рақобат ҳам бор, лекин, энг муҳими орамиздаги ҳурматни сақлаб қолганмиз. Матбуот жуда кўп гапларни “болалатган” бўлишига қарамай, киносаноатчилар муносабатларидаги илиқликни сақлаб қолиши бу — мувафаққият.
— Шоҳрух Хон сиз ҳақингизда...
— ...ҳамиша табассумимни гапиради. Унинг учун менинг хафа бўлишга, кимгадир, айниқса унга ўқрайиб қарашга ҳаққим йўқ!
— Сизнингча қирол Хонга энг яхши партнёр ким?
— Албатта мен! Ишонмасангиз, фильмларимизни кузатинг, жуда муносиб жуфтлик ярата олганмиз. Шоҳрух ҳамма билан ишлашни билади. Унинг ёнида юрсангиз, сизга ҳам юқадиган қандайдир оҳанрабоси бор. Лекин ҳақиқатни тан оламан, Кажол билан ишлаган фильмларида иккови бир-бирига мослигини сезаман.

— Сиз ишлаган партёрлар орасида энг эсда қолгани?
— Ҳаммасининг ўз ўрни бор. Амир билан ишлаш мароқли. У кулдиради ва нималарнидир мушоҳада қилишга чорлайди. Санжай Датт эса сизни ғалати гап-сўзлари билан тушунарсиз ҳолатга солади. Муҳими ҳар бири ўзидан яхши эсдалик қолдира олган.
— Телевидениедаги фаолиятингиздан қониқаяпсизми?
— Албатта, ахир у ерда менинг муаллифлик лойиҳам йўқ-ку! Меҳмон ва ижрочи сифатида ҳали зерикмадим.
— Болаларингиз фильмларингизни томоша қиладими?
— Тўғриси, улар менга актриса сифатида мухлис эмас. Лекин онасининг ашаддий ихлосмандлари. Уларнинг дунёқараши бошқа. Менинг фильмларим бугунги авлод учун қанчалик қизиқарли эканлигин ўйлаб кўрмаганман.





