Муҳаббат нима? У қандай туйғу? Қўл билан ушлаб, кўз билан кўрса бўладими? Қандайдир баландпарвоз жавоблар излашга шошилманг! Муҳаббат — муносабатлар уйғунлиги. Содда, самимий ва беминнат ришта. Гавҳар ҳамда Жамшид Зокировларнинг санъати ўз йўлида қадрли, лекин муҳаббати чиндан-да ҳавасли, ҳурматли! Гавҳар опани тинглаб зерикмайсиз, аксинча, кўнглингизда ўзингизга нисбатан сокинлик ва таскин пайдо бўлади. Яна бир ҳақиқат — бу муҳаббат йўлида ҳеч бир саҳна ўйналмаган ёки ўйлаб топилмаган!
Энди-энди телевидениега қатнаётган кезларим, айнан шу икки инсон билан суҳбат қилиш учун вақт белгиладик. Белгиланган кун келди, аммо менга ваъда қилинган камерани беришмади. Қўлимда тайинли ҳужжатим бўлмагани учун телевдинение ҳудудига ҳам киролмайман, телефонларим эса жавобсиз... Гавҳар опа билан Жамшид ака белгиланган вақтдан 10 дақиқа олдин келишди. Мен вазиятни қандай тушунтиришни билмасдим. Шу ҳадик, ҳавотир ва ҳаяжон билан 2 соатга яқин вақтни “Пахтакор” метро бекати олдида ўтказдик. Шунда Жамшид ака “Қизим, сен биздан хижолат бўлманг, хафа эмасмиз. Лекин кейинги сафар меҳмон чақирганингизда сизни бундай ноқулай аҳволда қўядиганларга ишонманг”, деганди. Агар уларнинг ўрнида бошқа бир таниқли ижодкор бўлганида, анчагина дакки эшитишим аниқ эди. Бу менинг кейинги ишларимда яхшигина сабоқ бўлганди.
Афсуски, ҳозир Жамшид ака орамизда йўқ. Бу гал фақат гавҳар опанинг ўзлари билан ҳамсуҳбат бўлолдим холос. Бу мунис, дилбар аёлнинг завқ ва мунг тўла ҳикоясига сиз ҳам қуло тутинг-а...
Унутилган тарсаки ва қатъий қарор
Биз Жамшид ака билан ҳамкурс эдик. Ёдгор Саъдиев, Ойбарчин Бакирова, Марат Азимов, Саидкомил Умаров Жамшид аканинг курсдошлари эди. Мен эса вилоятдагилар билан бирга ўқирдим. Лекин умумий фанларни бирга ўтардик. Асосий вақтимни кутубхонага сарфлардим. Кунларнинг бирида Жамшид ака бир куни “Яхшимисан Гавҳар”, деб юзимдан ўпганида тарсаки туширган эканман. Шунда у киши “шу қиз меники бўлади!” деб қарор қилган экан. Тўғриси, шу воқеани сира эслолмайман. Жамшид ака доим “наҳотки эслолмасанг?!” дерди.
“Секинроқ юрайлик, туфлидан оёғим чиқиб кетаяпти”
1971 йилнинг 9 майи... Ўшанда қайнотам касалхонада эди. Бетоблиги туфайли бизни тезроқ расмий никоҳдан ўтишимизни истаган. Иккимиз ҳам ёш эдик. Мен дугонамнинг битирув оқшомига кийган либосини сўраб олганман. Яна бир танишим “фата” берганини эслайман. Жамшид ака ҳам ўртоғидан костюм-шим олганди. Энг қизиғи, у Науфал акасининг 43 ўлчамли оёқ кийимини кийиб олган. Туфли катталиги сабаб “секинроқ юрайлик, туфлидан оёғим чиқиб кетаяпти”, деган сўзлари эсимда.
У пайтларда чиройли бахт уйлари йўқ, Сергелидаги кичкина ФҲДЁ бўлимида никоҳимиз қайд этилган. Луиза опамнинг турмуш ўртоғи Пўлат ака гармончини олиб келганини ҳам эслайман. Йўл бўйи пиёда гармон оҳанглари билан келганмиз. Жамшид акам “Одамлар русларнинг тўйи бўлаяпти, деган хаёлга боряпти, нимага гармончини олиб келибди”, дея бир неча бор гапирганди. Шу кетишда касалхонага бориб қайнотамни кўргандик. “Фата”ни юзимга ташлаб келинсалом қилганим ёдимда.
Қайнотам “Ҳурсандман болаларим, бахтли бўлинглар!” деб дуо қилганди. Кейин бизни Науфал ака дастурхонга таклиф қилган. Ўшанда илк бор қайноғам Ботир Зокировни кўрганман. Оқ костюм-шимда келиб, бизга бахт тилаган.
“Тўйда акам эшикнинг тагида қолиб кетган”
Тўйимиз куз ойида бўлди. Унга қадар “тўй қачон, бўладими ўзи?” деб таниш-билишлар, қариндошлар безор қилиб юборишганди. Қайнотам вафот этгач, турмуш ўртоғим билан уларнинг ён дафтарчасини топиб олдик. Бизни тўйимиз учун қайнотам қарз олганини ўшанда билганмиз. Тўйимиз жуда катта ва файзли бўлган. Вафотидан сал олдин дадам қарзидан қутулган экан. Тўйда ўзимнинг акам эшикнинг тагида қолиб кетган. Шунда қайнонам “ҳой, келиннинг акасини ичкарига таклиф қилинглар”, дегани ҳам ёдимдан чиқмайди. Қайнотам жуда чиройли тўй қилиб берганди. Санъаткорлар кўп бўлган. Мукаррама Турғунбоева ҳам келганди, Ботир акам қўшиқ айтган, Луиза опам роса рақсга тушганди...
Қирқ йилдан сўнг кўрилган тўй...
Бизнинг тўйимиз кинотасмага олинганди, лекин ҳеч қачон кўрмагандик. Жамшид ака вафот этганидан кейин ўғлим Жавоҳир “Ботир Зокировнинг “Седая любовь” қўшиғини куйлайман ва унга тўйингиздан кадрлар оламан”, деди. Ҳамма “тўйингизни кўрдик”, деди. Мен ҳам орадан қирқ йил ўтиб тўйимни кўрдим. Унга қадар бирор марта кўрмагандик. Ёдгор Саъдиев куёвжўра бўлганди, нимагадир ўқрайиб ўтирган экан.
Севги — ҳаёт ҳақиқатларида пишади
Ҳаётимизда ҳеч саҳна ўйналмаган, ҳаммаси юракдан эди. Бировга кўз-кўз қилиш учун бахтиёр кўринмасдик, ростдан ҳам бахтли эдик. Эримнинг туфлисини ҳамманинг олдида тозалашга уялмасдим, боғичларини боғлашдан фахрланардим. Аёлнинг вазифаси эрнинг улуғлигини ўзига исботлаб бериш бўлса керак. Севги — чиройли гаплардан, баландпарвоз афсоналарданмас, ҳаёт ҳақиқатларида пишади. Мен шундай буюк қалб эгаси билан яшаганимдан бахтлиман!
“Гули эрингни олиб қўйдим-а?”
Одам қилган яхшиликларини жавобини кутиши шарт эмас. Ҳаётнинг ўзи ҳисоб-китоб қилади. Эслайман, Ботир акамнинг тоби бўлмаганида Жамшид ака бир ярим ой уйга келмасдан касалхонда аксининг ёнида бўлган. Хабар олишга борганимда Ботир ака кулиб “Гули, эрингни олиб қўйдим-а?” дерди. “Йўқ, Ботир ака сиз саломат бўлсангиз бўлди!” дердик. Жамшид ака касал ётганида Фаррух ака уларнинг ёнида далда бўлди. Булар шундай меҳрли оға – инилар эди...
“Қўйинг, сизга нима, дердим...”
Баъзан нималардандир норози бўлардим, эътирозларим бор эди. Лекин умр йўлдошим ҳеч қачон оғринмасди. Кимгадир ёрдам берса, нимагадир қайғурса “қўйинг, сизга нима?” деган пайтларим бўлган. Шунда Жамшид ака “Гули, ундай дема, ахир қўлимдан келаяптику! Менга қийинмас”, дерди. Гапимдан уялиб қолардим. У кишидан кўп нарсани ўргандим, ёмон бўлиш осон, “йўқ”, деган сўзни айтиш қийин эмас. Яхши бўлиш, одамларга беминнат меҳр бериш — бу меҳнат.
“Бугун спектакль ўйнай олмайман”
Бир куни Жамшид ака ётган жойида “Гули, Ёқуб акага айтинг, мен бугун спектаклда ўйнай олмайман”, деди. Юрагим эзилиб кетди, лекин “хўп”, дедим-у ташқарига чиқдим. Ҳеч кимга ҳеч нарса деёлмасдим. Тақдирни қаранг, ўша куни Ёқуб Аҳмедов қўнғироқ қилиб, “қадрдонларим, қалайсиз?” деди. Жамшид аканинг гапларини айтдим. “Гули, бир театрга олиб келмайсанми?” деди жавобан. “Йўқ, энди кеч... Одамлар кўз ўнгида Жамшид аканинг қиёфаси аввалгидек қолишини истайман!” дегандим.
“Шу ердаман, мен шу ердаман!”
Сўнгги нафас... Худодан қандай аҳволда бўлса ҳам эрим ҳамиша ёнимда бўлишини сўраганман. Лекин бу тақдир, уни ўзгартириб бўлмайди. Ҳаммамиз йиғилганмиз, рози-ризолик сўралаяпти... у кишининг кўзига кўринмай қолдим, шекилли, ён-атрофга қарарди... Шунда қизим “Ойи, сизни қидираяптилар”, деди. “Шу ердаман, мен шу ердаман”, дедим. Юзида ним табассум кўринди...
Файласуфлардан бири “Ҳар бир буюк эркакнинг орқасида буюк аёл бор”, деганди. Гавҳар опа ҳам ана шундай аёллардан. Ёзаяпман-у, Жамшид ака ва Гавҳар опанинг бирга юрган лавҳалари бирма-бир кўз ўнгимдан ўтаяпти. Ҳамиша ҳавас қилардим, суҳбатларидан зерикмасдим. Ёзиш учун хотиралар кўп, лекин... Улар ўзларининг дунёсида бахтиёр эди ва муҳаббати йўлида меҳнат қилишдан эринмасди...





