АсосийJamiyat

Ўзбекистонлик Азамжон Шокиров Швеция “қаҳрамони”га айланди

Швецияда янги “қаҳрамон” пайдо бўлди, деб ёзади “Podrobno.uz” нашри.

Швеция ОАВлари 23 ёшли ўзбекистонлик Азамжон Шокировнинг швециялик қизни уни зўрламоқчи бўлган қочоқлар гуруҳидан қутқариб қолгани ҳақида маълумот бермоқда.

Кальмар шаҳрида яшаб, у ерда автомеханик бўлиб ишлайдиган Азамжоннинг сўзларига кўра, воқеа Янги йилга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтган кечада юз берган. Кальмар шаҳри марказида Янги йил байрамини нишонлаганидан сўнг дўстларини уйларига олиб бориб қўймоқчи бўлган. У алькоголли ичимликлар ичмаслиги сабабли дўстлари унинг бу қарорини маъқуллаган.

Дўстларини уйларига кузатиб қўйгач, Азамжон кафе ёнидан ўтаётганида маст ҳолатдаги қизни бир нечта киши халқа ҳосил қилган ҳолда ўраб олганини кўриб қолади.

Журналистларнинг кейинроқ берган маълумотларига кўра, улар 7-8 киши бўлган. Улардан иккитаси қизга яқинлашиб, унга тегина бошлайди. Қиз эса кетмоқчи бўлади.

Азамжон машинадан тушиб, қизга уйига элтиб қўйишни таклиф қилади. Шундай қилиб, у қизни автомобилига ўтқазиб олиб кетади. Қизни ўраб олган бошқа йигитлар унга нотаниш тилда нималардир деб бақиради.

Азамжон қиз уй манзилини кўрсатмагунча бир соатча уни олиб юради. Қиз ўзига келиб, уй манзилини кўрсатади ва Азамжон уни онаси қўлига топширади.

Азамжон Шокиров бундан беш йил аввал оиласи билан Швецияга кўчиб келган. У ўз ишини “қаҳрамонлик” дея баҳолашларини истамаслигини таъкидлаган.

“Ҳамма бир-бирига ёрдам бериши керак. Қизга ёрдам берганим ‘қаҳрамонлик’ эмас, табиий ҳолат”, — деди Азамжон газеталарга берган интервьюсида.

    Бошқа янгиликлар