Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси (ИБК) ва Тошкент шаҳар божхона бошқармаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 13 ноябрь куни пойтахтимиздаги ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) божхона постлари ва ишлаб чиқариш корхоналари бўйлаб медиа-тур уюштирилди.
Медиа-тур давомида иштирокчилар юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда самарали фаолият юритаётган корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш асносида мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарасини аниқ мисолларда кўриш имкониятига эга бўлишди.
Журналистлар дастлаб Олмазор туманидаги “Orange Тextile” тўқимачилик корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди.
Таъкидлаш жоизки, биргина 2015 йилнинг ўтган 9 ойи давомида республикамизда ТИФ иштирокчиларига четдан олиб келинадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологик жараёнида фойдаланиладиган компонентлар учун божхона тўловларидан тақдим қилинган божхона имтиёзлари миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,1 % га ошди.
2015 йилнинг 9 ойи давомида республикамизда 99,9% божхона юк декларациялари (БЮД) электрон шаклда расмийлаштирилди. Товарларни электрон декларациялаш процедурасининг жорий этилиши божхона расмийлаштируви жараёнини тезлаштириш, ТИФ қатнашчиларининг ҳаражатларини қисқартириш, товарларни божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини камайтириш, тадбиркорлик субъектлари ва божхона органлари ходимлари ўртасида бевосита мулоқотни камайтириш имконини берди.
Медиа турнинг навбатдаги манзили Сирғали туманидаги «Fayz Dekor Biznes» ва «Fayz Textile» Ўзбекистон-Британия қўшма корхоналари бўлди.
Медиа тур якунида журналистлар “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплексининг “Авиаюклар” ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Сергели» ТИФ божхона постлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Авиаюклар” божхона пости “Тошкент халқаро аэропорти” ДУК, “Ўзавиатехтаъминот” МТТМ, “Дори-дармон” АК, “Uzbekistan Airways Technics” ДУК, “Ўзбекистон Темир Йўллари” ДАК ва бошқа давлат ташкилотлари ва хусусий корхона ва ташкилотларига тегишли товарларининг ҳаво йўллари орқали экспорт ва импорт қилиш жараёнида божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширади.
Мазкур божхона постида “On-line” режимида ишлайдиган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш имконини берувчи, “бир дарча” тамойили бўйича экспортга етказиб беришлар билан боғлиқ механизм қўлланиб келинмоқда. Ушбу божхона постида божхона расмийлаштирувига зарур бўлган ҳужжатларни беришга ваколатли бўлган мутасадди идораларнинг вакиллари ҳам фаолият олиб бормоқдалар.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида мазкур пост томонидан 22,8 мингдан ортиқ экспорт ва импорт БЮД асосида 660 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматидаги юклар расмийлаштирилган.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан 104 мингдан ортиқ экспорт ва импорт БЮД асосида 6,6 млрд. АҚШ долларидан ортиқ қийматидаги юклар расмийлаштирилган.





