Халқ таълими вазирлиги томонидан бугунги кунга қадар 145 умумтаълим мактаби, 219 мактабгача таълим муассасаси, 12 махсус мактаб-интернати ва Меҳрибонлик уйларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 2 мингдан зиёд мактаб, 1,5 мингга яқин мактабгача таълим муассасаси, 50 махсус мактаб-интернати жорий таъмирдан чиқарилган.
Муҳандислик-коммуникация тармоқларини капитал ва жорий таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, мавжуд қозонхоналар бир неча турдаги ёқилғига мослаштирилди ва мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилди. Мавсум олдидан 1089 қозонхона таъмирланиб, 132 минг метрдан зиёд ички, 9 минг метрдан ортиқ ташқи иситиш тизимлари алмаштирилди, 225 минг квадрат метрдан зиёд томлар таъмирланди, қарийб 8 минг метр иссиқлик тармоғи изоляция қилинди.
Биргина Тошкент шаҳрида 273 умумтаълим мактабининг ички ва ташқи иситиш тизимлари таъмирдан чиқарилди. Ҳозирги кунда ўттиздан зиёд иситиш қозони ва 72 минг квадрат метрдан ортиқ томни капитал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Куз-қиш даврида табиий газ билан таъминланган ва марказий иситиш тизимига уланган таълим муассасаларида мавсум билан боғлиқ барча юмушлар ўз вақтида амалга оширилади. Вазирлик томонидан “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда чекка ҳудудлардаги мактабларни кўмир, кўмир брикети билан таъминлаш бўйича муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда 900 дан зиёд таълим даргоҳида уч мингдан ортиқ иситиш қозони алмаштирилган.





