Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар темир йўл транспорти бўйича Кенгашининг 63-мажлиси бошланди.
Кенгаш темир йўлларнинг эксплуатация фаолияти, юк ташиш вагонлари ва контейнерларидан биргаликда фойдаланиш, йўловчи ва юк ташиш шартлари, халқаро йўналишларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, бажарилган ишлар ва хизматларни ҳисобга олиш ҳамда бунинг учун ўзаро ҳисоб-китоб тизимини ишлаб чиқиш, илмий-техник ҳамкорлик каби масалаларни кўриб чиқади ва ҳал этади.
Мажлисда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Ҳамдўстликка аъзо давлатлар темир йўл транспорти бўйича Кенгашининг аввалги мажлислари доирасида эришилган келишувлар қандай амалга оширилаётганига оид масалалар муҳокама этилди ҳамда шу йилнинг 9 ойи давомида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Ўтган даврда Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг пўлат излари орқали 1,4 миллиард тонна юк ташилгани ва бу қабул қилинган мажбуриятлардан 15 фоиз кўп экани таъкидланди. Бундан ташқари, ташишлар ўртача масофаси 3,5 фоиз ошгани қайд этилди. Ҳисобот даврида темир йўл маъмуриятлари юкларни ташишда ўзаро ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирди ва мазкур ёрдам ҳажми 3,9 минг вагонни ташкил қилди. Ўтган вақт мобайнида контейнерларда 20 миллион тонна юк ташилди ва бу қабул қилинган мажбуриятлардан 6,1 фоиз кўпдир. 2015 йилнинг тўққиз ойида халқаро йўналишларда хизмат кўрсатилган йўловчилар сони 14,8 миллион кишини ташкил этди, дея хабар беради ЎзА.
МДҲга аъзо давлатларнинг темир йўл транспорти бўйича Кенгаши ва унинг ижроия органи – Кенгаш дирекцияси Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида барқарор иқтисодий алоқаларни таъминлаш мақсадида 1992 йил 14 февралда МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг келишувига биноан ташкил этилган.





