АсосийJamiyat

Товар-хомашё биржаси савдо платформаларида 5 триллион сўмдан зиёд битимлар тузилди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасининг жорий йил тўққиз ойлик фаолияти якунлари ҳамда биржа савдоларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иштирокига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Ҳисобот даврида биржанинг барча савдо платформаларида 5,1 триллион сўмдан зиёд битимлар тузилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқариш қувватларининг ошиши натижасида цемент нархи 18 фоизга, суюлтирилган газ 17 фоизга, қора металл 8 фоизга арзонлашиб, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантирувчи омил сифатида қайд этилди. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан 3,3 триллион сўмлик хомашё ва материаллар сотиб олинди, ўсиш 6,5 фоизни ташкил этди. Битимларнинг 95 фоизи биржа савдоларига тўғри келди, дея хабар беради ЎзА. 

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни биржа орқали сотиш ҳажми 18 фоизга ўсиб, 1,4 триллион сўмга етди. Биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажмида тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларининг ҳиссаси ўтган йилнинг тўққиз ойида 66 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 8 фоизга кўтарилгани кузатилди. 

Ҳисоб-китоб клиринг палатаси томонидан савдо битимлари ижросини кафолатлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида иштирокчилар ўртасида тузилган 193 минг шартноманинг 96 фоизи бажарилди. Арбитраж комиссияси томонидан кўриб чиқилган мунозарали ишлар 8 фоиз, битимларни бекор қилиш 28 фоиз, жарималар қўлланилиши 3 фоизга қисқарди. 

Палата томонидан рўйхатга олинган 5 мингга яқин янги мижознинг 95 фоизини кичик бизнес субъектлари ташкил этди. 
 

    Бошқа янгиликлар