Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Америка Қўшма Штатлари давлат котиби Жон Керрини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан самимий қутлади ва унинг Ўзбекистонга илк ташрифи ўзаро ҳамкорликка доир кенг кўламли масалалар ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун яхши имконият эканини таъкидлади, дея хабар беради ЎзА.
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб, ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсмоқда. АҚШнинг “General Motors” корпорациясининг Ўзбекистондаги самарали фаолияти бу соҳадаги муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин мисолларидан биридир. Стратегик шериклик доирасида Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида юқори технологияли учта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда АҚШнинг дунёга машҳур “Boeing”, “Lockheed Martin”, “Honeywell” ва бошқа компаниялари самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Учрашувда минтақавий долзарб муаммолар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди. Афғонистондаги вазият, хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
АҚШ давлат котиби самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлик изҳор этиб, Америка Қўшма Штатлари раҳбарияти икки мамлакат манфаатларига асосланган муносабатларни изчил ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Ҳудди шу куни Самарқанддаги Форумлар мажмуасида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов очди.
Учрашувда АҚШ Давлат котиби Жон Керри, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов иштирок этди.
Мажлисда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди, халқаро ва минтақавий долзарб масалалар муҳокама этилди.
Учрашув якунида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва АҚШ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди. Тадбир иштирокчилари олти давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида умум манфаатдор масалалар юзасидан мунтазам сиёсий мулоқот ўтказиш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг янги формати – «С5+1»ни ташкил этишни маъқуллади.





