Бугун пойтахтимизда «ЎЗГЕОИНВЕСТ- 2015”: Ўзбекистон қаттиқ фойдали қазилмаларининиг сармоявий потенциали” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.
Ушбу анжуман Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 25 июлдаги “Фойдали қазилма конларида геология-қидирув ишларини ўтказиш ва қазиб олишга инвестицияларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва бошқа тегишли меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ўтказилди.
Анжуманда мамлакатимиздаги тегишли идора ва муассасаларанинг раҳбарлари, Ватанимиз ва хорижий мамлакатларнинг тоғ-кон ва консалтинг компаниялари, илмий институтлар вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ўзининг фойдали қазиллмалари заҳираси бўйича дунё давлатлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Биргина олтин заҳираси бўйича ўнинчи, уни қазиб олиш бўйича ўн биринчи ўринда туради. 2015 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатимиз миқёсида 1838 та кон очилган. Шундан 950 тасининг очилиши айнан мустақиллик йилларига тўғри келади. Бугунги кунда мавжуд конлардан фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва қайта ишлашда маҳаллий ва хорижий сармояларни жалб этиш муҳим ўрин тутади.
Шу муносабат билан инвестицион блоклар ва истиқболли майдонларда геология қидирув ишларини олиб бориш учун 200 дан ортиқ таклифлар тайёрланган. Сармоядорлар эътиборига 38 та майдон ҳавола этилган. Шунингдек фойдали қазилмалар аниқланган ҳудудлардан фойдаланиш учун 1456 та лицензия берилган.
Анжуманда маҳаллий ва хорижий мутахассислар мавзу юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.





