Мамлакатимизда халқаро стандартларга жавоб берадиган биометрик паспорт тизимига 2015 йил охиригача тўлиқ ўтиш белгиланганлигидан хабарингиз бор. Фурсатнинг қисқариб бораётгани эса аҳолини хавотирга солиб, турли саволларни келтириб чиқармоқда. Ана шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мутахассисларидан муштарийларни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.
БИОМЕТРИК ПАСПОРТ ОЛИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
– Фуқаролар биометрик паспорт олиш учун ўзлари доимий яшаб келаётган жойдаги биометрик маълумотларни йиғиш пунктларига, яъни ички ишлар органларининг хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилишлари мумкин. Улар бунинг учун қуйидаги ҳужжатларни топширадилар:
- Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган махсус шаклдаги анкета-ариза;
- Амалдаги паспорти ёки биринчи марта паспорт олаётганлар учун туғилганлиги ҳақида гувоҳнома;
- давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция;
Паспорт эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганида, фуқаро маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.
Биометрик маълумотларни йиғиш пункти оператори фуқароларнинг биографик ва биометрик маълумотларини компьютер умумий тўпламига киритади, бунда фуқаронинг бармоқ излари олинади ва рақамли фотосуратга туширилади. Ушбу маълумотлар асосида электрон талабнома тайёрланиб, махсус электрон тармоқ орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига юборилади. Бу ерда электрон талабномалар асосида ҳужжатлар персоналлаштирилади, яъни биографик маълумотлар паспортни визуал текшириш зонасига, биографик ва биометрик ахборот эса чипга киритилади. Таъкидлаш керакки, биометрик паспортлар энг замонавий ахборот технологиялари асосида тайёрланади ва барча халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради.
Тайёр биометрик ҳужжатлар ҳудудий биометрик маълумотларни йиғиш пунктларига махсус почта воситалари орқали етказилади. Ҳужжат фақат верификация жараёни, яъни эгасининг биометрик параметрлари ҳужжатга туширилган маълумотларга мослиги тизимда текширилгандан сўнггина эгасига топширилади.
ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ЖАРИМА УНДИРИЛАДИ?
— Фуқаролар паспортларининг амал қилиш муддати тугашидан аввал доимий рўйхат манзиллари бўйича ички ишлар идорасига мурожаат этадилар ва янги паспорт олиш учун тегишли ҳужжатларни топшириб навбатга турадилар. Ҳужжат топширилган кундан бошлаб навбат келгунга қадар амал қилиш муддати тугаган паспортлар учун жарима ундирилмайди. Фуқароларнинг эътиборсизликлари натижасида амал қилиш муддати тугагач янги паспорт олиш юзасидан мурожаат қилинган ҳолларда фуқаролардан тегишли жарима миқдорлари ундирилади. Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддаси асосида белгиланади.
КИМЛАР ИМТИЁЗГА ЭГА?
— Хорижга чиқиш-кириш, фуқароликни расмийлаштириш хизматлари бўйича Биометрик маълумотларни йиғиш пукнтларига қабул иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, биринчи гуруҳ ногиронлари ҳамда ҳомиладор аёлларга (ҳомиладорлик даражасига қараб) нисбатан навбатсиз амалга оширилади.
ДАВЛАТ БОЖИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА
— Биометрик паспорт олиш учун тўланадиган давлат божлари республика миқёсида амалдаги энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида белгиланган.
2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги энг кам:
иш ҳақи — ойига 130 240 сўм қилиб белгиланган.
ЁДДА ТУТИНГ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги паспорти 2015 йил 31 декабргача ҳақиқийлиги белгилаб қўйилган.
Севара Нишонова тайёрлади





