АсосийShou-biznes

Немис тилида сўзлашувчи ҳаваскор театр гуруҳларининг 8-театр фестивали очилади

12-13 сентябр кунлари Ўзбекистон Ёшлар театри саҳнасида немис тилида сўзлашувчи ўзбекистонлик ҳаваскор театр гуруҳларининг анъанавий театр фестивали бўлиб ўтади. Ушбу фестивал доирасида Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги “Wiedergeburt” немис маданияти марказларининг ҳаваскор театр гуруҳлари сўнгги бир йил давомида ўзлаштирган асарларни саҳнада намойиш этишади.

Театр фестивали арафасида ушбу гуруҳлар германиялик театршунос-педагог Ёахим Бюркерт иштирокидаги семинар-машғулотларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлишди.

Фестивални ўз қишлоғига номаълум учар жисм қўнганлиги ҳақида Сотволди ҳикоя қиладиган машҳур „Абдуллажон“ филмига асосланган саҳна асари ижроси билан фарғоналик ҳаваскор театр гуруҳи бошлаб беради.

Бухоро вакиллари эса уйланиш учун малика қидираётган камбағал шаҳзода ҳақида ҳикоя қилувчи „Чўчқабоқар“ номли асар билан саҳнага чиқишади.

Фестивалнинг иккинчи куни тошкентлик ижрочиларнинг яқиндагина ўз турмуш ўртоқларини қабрга қўйган икки нафар аёлнинг чигал тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи „Бевалар“ номли асари билан бошланади.

Самарқанд шаҳри вакиллари намойиш этадиган „Ўз ичимизда“ номли асарда эса немис жамиятида чет элликларга нисбатан муносабатларнинг турфа хиллиги тилга олинади.

Барча асарлар немис тилида ижро этилади.

Ушбу тадбир авваламбор Тошкент шаҳридаги мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳларнинг немис тилини яхши биладиган ўқувчи ва талабаларига мўлжалланган.

Фестивал 12 сентябр куни соат 17.00 да ва 13 сентябр куни соат 16.00 да бошланади. Спектаклларга кириш бепул.

    Бошқа янгиликлар