«Ҳаж-2015» дастурига асосан жорий йилнинг 3 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясининг замонавий Boeing-767 авиалайнерлари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига чартер қатновларини бошлади, дея хабар беради авиакомпания ахборот хизмати.
Зиёратчиларнинг 80-90 фоизини асосан кекса ёшдагилар ташкил этганлиги боис, уларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда, бошқа одатий қатновлардан фарқли равишда, зиёратчиларга самолётга чиқиш учун телескопик трап, алоҳида рўйхатга олиш устунлари ва махсус йўлакчалар ажратилган. Зиёратчилар учун саҳн таомномаси рўйхатидан ҳалол гўшт маҳсулотлари, иссиқ ва яхна таомлар, қуритилган мева, салат ва ширинликлар ўрин олган.
Ҳаж амалини адо этиш учун Миллий авиаташувчи хизматидан 5190 нафар йўловчи фойдаланади. Жами 24 қатнов бажарилиши кўзланган бўлиб, шулардан еттитаси «Тошкент», қолганлари «Наманган», «Урганч» ҳамда «Самарқанд» аэропортларидан тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига амалга оширилади.
Дастурга асосан авиакомпаниянинг юқори малакали мутахассислари томонидан зиёратчиларни белгиланган манзилга бехатар элтиб қўйишдан ташіари ортга олиб келиш ишлари ҳам эътиборга олинган. Жумладан, зиёратчилар қайтиши олдидан МАК мутахассисларидан тузилган ишчи гуруҳи Саудия Арабистонига юборилади. Мазкур гуруҳнинг вазифаси йўловчиларга зиёрат давомида юқори даражада хизмат кўрсатишдан иборат.
Зиёратчиларни кўзланган манзилга олиб бориш 3-14 сентябргача, уларни юртимизга қайтиши эса, 27 сентябрдан 8 октябрга қадар амалга оширилади.





