Самарқандда “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивали доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция бўлиб ўтди, дея хабар беради ЎзА.
Унда Ўзбекистон, АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Корея Республикаси, Япония, Германия, Нидерландия, Норвегия, Туркия, Сербия, Литва, Венгрия, Исроил, Ўмон, Кувайт, Миср, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон ва бошқа мамлакатлардан санъатшунос ва маданиятшунослар, тарихчи олимлар, хонанда ва бастакорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ҳар гал фестиваль доирасида ўтказилаётган илмий анжуманлар жаҳон халқлари мусиқа санъати тарихи, анъаналари ва ўзига хосликларини ўрганиш ҳамда оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” мавзусига бағишланган бу галги конференцияда турли мамлакатлар мусиқа санъати ривожланиш босқичларини ўрганиш, улардаги ўхшаш жиҳатларни таҳлил этиш, шу орқали халқларнинг яқинлиги ва дўстлигини тарғиб қилиш мақсад қилиб қўйилган.
Халқаро анжуманда Шарқ мусиқашунослиги ва манбашунослигини, турли халқлар мусиқа маданияти муштараклигини ўрганиш борасида санъатшунос олимлар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар хусусида сўз юритилди. Бу борада олимлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Анжуманда қадимий цивилизация марказларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг Шарқда мусиқа маданияти ривожланиши ва ёйилишида алоҳида ўрин тутгани таъкидланди. Мамлакатимизда миллий мусиқа санъатини ривожлантириш, мумтоз куй-қўшиқларни асраб-авайлаш, ёш авлодларга безавол етказишга қаратилаётган эътибор самаралари қайд этилди.
Халқаро илмий-назарий конференцияда «Шарқ халқлари мусиқа маданияти анъаналари ва замонавийлик», «Шарқ халқлари маданиятида мусиқа ижодиётининг умумийлик хусусиятлари», «Марказий Осиё мусиқасининг Европада қабул қилиниши», «Ўзбек мумтоз мусиқаси», «Темурийлар даври чолғуси – «шидирғу»га янгича назар», «Мусиқий Ўзбекистон: янги давр моҳияти» каби мавзуларда маърузалар тингланди.





