Радхика Мадан. Бу ном Ҳиндистон телевидениесида шу қадар тез тилга тушдики, раққоса қизга кетма-кет таклифлар бўла бошлади. Радхика “Colors TV”нинг бир қатор шоу ва роликларида фаол иштирок этади. Шунингдек реклама ҳамда мода намойишларига ҳам айнан Ишани образининг шуҳрати сабаб таклиф қилинди.
“Шакти билан фақат дўстмиз”
Радхика 1995 йил 1 майда туғилган. 19 ёшида айнан “Сенга ошиқман” сериали унга шуҳрат келтирди. У рақс академиясининг фаол аъзоси. Актрисага дебют роли “Jhalak Dikla Jaa7”, “Nach Baliye 7”, “Jhalak Dikla Jaa8” (бу жониворларни узбекча оти йук эканми?) теленовелларидан асосий қаҳрамонларини “ютиб” олишига сабаб бўлди. Радхика Мадан табиатан қувноқ ва ўзига нисбатан талабчан. Шунингдек, экрандаги каби ҳинд миллий либосларини эмас, жинси футболкалар, замонавий русумдаги либосларни кўпроқ кияди.
— Радхика, дебют ролингиз сизга кутилмаган мувафаққият келтирди. Бу омадми ёки...
— Менимча омад. Агар Ишани образи бошқа бир актрисага берилганда албатта у ҳам продюсерлар ишончини оқлаган бўларди. Боиси Ишани намунали қиз. У хатоларини тан олишни ва тўғирлашни билади. Одатда томошабинни бундай қизлардан бироз жаҳли чиқсада, ҳамиша унинг ёнини олади.
— Шакти Арора билан экранда энг яхши жуфтлик деб топилдингиз. Ҳаётда муносабатларингиз қандай?
— Биласизми, партнёр билан яқин бўлмасангиз, дўстона муносабатлар ўрнатмасангиз образ тўлақонли очилмайди. Шакти тажрибасидан келиб чиққан ҳолда иш жараёнида кўп ёрдам берди. У яхши дўст, гарчи камгап бўлса-да, керакли сўзни айта олади.
— Неха Саксена сиз ва Шакти Арора жуфтлигига қандай қаради?
- Неха мен ва Шакти Арора эмас Ишани ва Ранвир жуфтлигини кўрди. Демак, муаммога ўрин йўқ. Қолаверса, Неха ҳам актриса: у вазиятни тўғри баҳолай билади.
- Ижроингиз яхши чиққан...
— Ҳа, бу режиссёрларнинг хизмати. Улар менга тўғри талаб қўя олди. Лекин Ишани билан қалбан яқинлигимиз бор.
— Рақсдан яхши хабардорсиз. Бадиий фильмларда ишлаш ниятингиз бўлса керак?
— Албатта, агар таклиф бўлса ўйлаб кўраман. Имкон қадар кинода кенгроқ ўзимни намоён этишга ҳаракат қиламан.
— Сериал воқеалари баъзида жойларда жуда чўзилиб кетган... Томошабин сифатида бунга қандай қарайсиз?
— Фильм ижодкорлари томошабинга ҳаяжонли ва завқли онларни тақдим этишни ният қилган. Менимча воқеалар унчалик чўзилмаган.
“Кўпчилик менинг қаҳрамонимдан хафа”
Диша – бу шундай қизки, ўзини Ишанига нисбатан ёмонликлардан тия олмайди. Экранда шундай худбин қизни маҳорат билан ижро этган актриса Тиша Капур сериал продюсери Экта Капурнинг қариндоши. У 1992 йилнинг 12 июнида Мумбайда туғилган. Фаолиятини модель сифатида бошлаган.
— Тиша ва Диша... Уларни нима боғлаб туради?
— Албатта мен! Кўпчилик менинг қаҳрамонимдан хафа бўлди. Мен уларга “хафа бўлманг, ҳали ҳаммаси яхши бўлади”, дейман.
— Экта Капур сизга ижобий қаҳрамонлардан бирини бериши мумкин эди...
— Масалан Ишанини, демоқчимисиз?! Йўқ, продюсер ва режиссёрлар кенг қамровли нигоҳга эга. Қайси образ кимга тўғри келиши ҳамда кимга қандай шуҳрат келтиришини ҳам билади.
— Подиум ва телевидениенинг бир-бирини инкор этадиган жиҳатлари борми?
— Албатта, иккиси ҳам медиа олами бўлгани билан икки хил йўналиш. Мен подиумда нисбатан эркинман. Лекин съёмка жараёнида ҳам имкон қадар ишончни оқлашга ҳаракат қилдим.
“Сенга ошиқман” сериалидаги актёрларнинг аксарияти моделлар. Лекин шунга қарамай ҳар бири берилган образни маромига етказиб ижро этган. Теленовеллада бир қатор машҳур ҳинд фильмларидан таниш қўшиқлар жаранг сочади. Бу продюсер ва режиссёрларнинг сериал томошабинга янада яқин бўлиши учун қўллаган “фишкаси”. Шунингдек, сериал давомида машҳур дизайнерлар томонидан тақдим этилган либослардан фойдаланилган. Энг аҳамиятлиси, “Сенга ошиқман” телесериали нафақат актёрлар учун балки режиссёр ва продюсерлар учун ҳам шуҳрат келтирди. Айни пайтда ҳам ушбу гуруҳ ижодкорлари сериал билан “овора”.
Интерент материаллари асосида Севдо тайёрлади





