АсосийShou-biznes

“ҲЕЧ БЎЛМАСА ЧЎЛПОН ҒАЗАЛИНИ БУЗМАЙ КУЙЛАНГ!”

Бугун санъаткорлар ўзлари куйлаётган қўшиқнинг сўзига қай даражада эътибор бермоқда? Улар яратаётган қўшиқлар санъатимиз дурдоналари сифатида тарихда қоладими ёки бу  ижод намуналари  фақат тўй учунми? Устозлар ижодидан куйлаш масъулиятини қай даражада англаб етяпмиз? Тарбияга, маънавиятга алоқаси бўлмаган қўшиқ ва клипларга чек қўйишнинг иложи борми? Мумтоз шоирларнинг шеърларини бузиб айтаётган санъаткорларнинг бу ишини оқласа бўладими? Бу борада бугунги ўзбек адабиётининг етакчи вакилларининг фикрлари билан қизиқдик.

“ХОНАНДАЛАР ОХУНЖОН МАДАЛИЕВДЕК ИЖРО ЭТОЛМАСЛИГИНИ  ИСБОТЛАШДИ”

Иқбол Мирзо,

Ўзбекистон халқ шоири,

Олий Мажлис сенати аъзоси:

— Илгари хонандалар қўшиқнинг сўзларини бузиб айтишса, ҳайрон қолардик, бугун эса қўшиқнинг сўзларини тўғри айтадиган санъаткорни кўрсак, қойил қоляпмиз. Мисол учун, Завқийнинг бир ғазали “Кулбам аро эй маҳлиқо, бир йўл хиром айлаб келинг…”, дея бошланади. Шу ғазални битта қўшиқчи “Кулбам аро эй махлуқо, бир йил салом айлаб келинг” дея ижро қиляпти. Афсуски, қўшиқ ижрочиси эсимда қолмади. Маъносига эътибор берса, ҳамма нарса англашилади-ку. Наҳотки куйлаётган қўшиғига шунчалар беэътибор бўлса?!

Яна бир истеъдодли синглимиз ўзига форс-тожикча тахаллус қўйиб олибди. Қайси тилда тахаллус қўйилишининг фарқи йўқ, аммо сўзнинг маъноси одамни ўйлантиради. Бу сўзнинг асл маъноси форс тилидан ўгирилганда, “қўним топмаган”, “тўхтамаган” қўполроқ вариантда эса, “овора” деган маъноларни билдиради. Унга “Туппа-тузук санъаткорсан, нима учун бундай тахаллус қўйдинг?” деб сўрасам, “билмапмиз” дейди. “Билмасанг, сўрамайсанми, одам итига исм қўяётганда ҳам ўйлаб қўяди-ку”, дедим. Ахир, танлаган исмда, тахаллусда одамнинг шаъни туради...

Яқинда “Ўхшайди-ку” кўрсатувида Охунжон Мадалиевнинг қўшиқларини бир гуруҳ санъаткорлар куйлаб чиқишди. Марҳум санъаткорнинг қўшиқларини айтган барча санъаткорларга катта раҳмат дейман. Лекин бирортаси ҳам дардни Охунжон Мадалиевдай авж пардага етказиб беролмади. Ўз ижролари билан Охунжон Мадалиев қандай бетакрор санъаткор эканини исботлашди, холос. 

                              Студиялар иши мақсадимизга ҳамоҳанг бўлсин!

Овоз ёзиш студиялари “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига бириктирилса, уларга ҳам лицензия берилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди, деб ўйлайман. Чунки жонандалар анчагина пул сарфлаб қўшиқ ёздиради ва Бадиий кенгашга олиб келади. Қўшиқ яроқсиз, савиясиз деб топилса, қўшиқчилар шунча пулга куйиб қолмаслиги учун ҳам шундай қилиш керак, менимча. Шундагина қўшиқ “онадан” соғлом бўлиб туғилади. Бу ижодни чегаралаш дегани эмас, аксинча бошидан тўғри йўл кўсатиш, чинакам бадиий кенгаш бўлади. Ахир, биргина Тошкентнинг ўзида қанча студия бор?! Савиясизликни, бугун тингловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатларни шу йўл билан бартараф қилмасак, бошқа йўл билан бартараф этиб бўлмайди. Ана шундагина ҳар хил тумтароқ сўзлар, “вай-вай”лар тўғирланади.

Тўғри, яхши қўшиқларнинг ҳаммаси ҳам юксак шеърият талабларига тўла жавоб бермайди. Аммо ҳар қандай қўшиқ ментелитетимизга,

маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга зид келадиган бўлса, бизнинг эътироз билдиришга ва чеклашга ҳаққимиз бор.

“Вай эмас, вой денг!”

Жасур Умировнинг талантли хонанда эканини, қўшиқларида ўзига хос дард, юмор борлигини биламан, аммо унгаям, назаримда, қўшиқ биз ўзбеклар учун бизнес эмас, санъат, тарбия қуроли эканлигини тушунтиришимиз керак, шекилли. Тил ҳақида чиққан қанча қонун-қоидалар бор, буларни менсимаслик, бузиш мумкин эмас. Ўзбек тилида “вай” деган сўз йўқ. Ҳеч қайси ўзбек “вай-вай” демайди. Бу сўз кавказ тилларидан биридан олинган бўлса керак. Шу сўзнинг ўзбекча “вой” деган вариантини ишлатса, қўшиқдаги “ой” сўзига ҳам ўринли қофия бўлар эди... Қўшиқчиларимиз тилни бузиб кўча-кўйда, ёки дала-даштда ўзлари учун хиргойи қилиб юрсалар – майли, аммо халқ эътиборига ҳавола қилмоқчи бўлсалар, бундай нуқсонларга беэътибор қараб бўлмайди. Агар қўшиқларининг маъносини билмай куйлаётган бўлишса, уларга тушунтиришимиз лозим. Агар билиб туриб, қўшиғи эл ичида “хит” бўлишини ўйлаб, маънавиятга, халққа, она тилимизга нисбатан атайлаб ҳурматсизлик қилаётган бўлсалар, бунга қарши жиддий чора кўришимиз керак бўлади.

Мақолани тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг сайтида мавзуга доир мақолага кўзим тушди. Қизиқиб ўқиб чиқдим ва сизга ҳам илиндим.

                      Буюк шоирга нисбатан ҳурматсизлик…

Хуршид Даврон, Ўзбекистон халқ шоири:

Даставвал Ботир Қодиров ижросидаги бу  қўшиқни эшитиб, «шовқинланманг» деган сўзни  қайси шоир ишлатган экан? дея ўйга толгандим. Кейин билсам, шеъриятимизнинг буюк сиймоси Абдулҳамид Чўлпон ишлатган экан.  Фақат шоир ўз шеърида “шовқинланманг»  эмас, «»Шовқинламанг» деб ёзган.  Мана, унинг 1921 йили ёзилган «Уйқу» шеъри:

УЙҚУ
(“Бормаймен деди” куйига)

Жим туринг, шовқинламанг, уйқу ичинда ул пари,
Юрма, тек тур, эй шамол, юрсанг-да юр, бироз нари!

Кўкда бир тўп қиз-малак уйқу куйини бошлади,
Илгари чалган тирик, жонли куйини ташлади.

Бош учида айланар бир тўп фаришта жимгина,
Кўк элининг тангриси – ой ҳам қарайдир тинчгина.

Ул олос кўзлар юмулган… куйни ёндиргачгина,
Кўп гўзал кўзларни юмдиргач, уялдиргачгина…

Чарчаган, толган, умидсиз кўзларим тўймай қарар,
Ҳар қарашда кўнглима минг турли ўйларни солар…

Бу ётиш, бу уйқу, бу қандай ширин, қандай гўзал,
Жонланар, юз кўрсатар синган ва ясанган амал.

У ётиш, уйқу на ерда, на хаёлий кўкда бор,
Бу гўзал сирли томоша менда, мен ўксукда бор.

Жим туринг,шовқинламанг, уйқу ичинда ул пари,
Кўзларим тўймай қарар, борлиқ кўринма, тур нари…

Тошкент, 1921, Феврал.

Ботир Қодировнинг бугунги кунда мумтоз адабиётимиздан бутунлай узилган миллий эстрадамизда ҳоким «яллама ёрим»га зид тарзда Чўлпон шеърига мурожаат қилганини яхши қабул қилсам-да,  янада очиқлаб айтаман: Ботир Қодиров шеърдаги энг камида 4 та сўзни бузиб ижро этган («тинчгина»ни жимгина»,  «тангриси»ни «эркаси» ва ҳ.к.) ва бу буюк шоирга нисбатан ҳурматсизликдир. Аммо, Ботир Қодиров бу нотўғри ишлатган сўзларни  қўшиғини қайта  ёзиб тўғрилашига ҳам ишонгим келади.  Яна-да очиқласам, биз буни талаб ҳам қиламиз. Мабодо… Мабодони кейин айтамиз.

Бир ойча илгариНаво” телеканалидаги кўрсатувда шу қўшиқнинг шеър муаллифи қилиб Н.Ҳамроқулов номи ёзилганига кўзим тушганди. Ўшанда наҳотки Ботир Қодиров ойлаб телеканалларда айлантираётган қўшиғининг шеър муаллифини билмаса деб ўйлаган эдим. Ботир Қодиров билан бир неча бор боғланишга ҳаракат қилдик, аммо унинг маъмури ҳар сафар турли хил баҳоналар билан гаплашишга имкон бермади. Биз ҳам қўшиқни қайта куйланишининг тарафдоримиз. Ҳархолда Ботир Қодиров ҳурматсизликда давом этмас.

“АЙТАЁТГАН ҚЎШИҒИНИНГ ФАҲМИГА БОРМАЙДИМИ?”

Мавзуни янада бойитиш мақсадида шоир ва пулисист Алишер Назарнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

— Рус адиби Валентин Распутиннинг бир гапи бор: агар Пушкин энагаси Арина Родионовнанинг мунгли аллаларини эмас, замонавий эстрадани тинглаб уйғонганида эди, ундан  Пушкин эмас Дантес чиқар эди. Ҳамма замонларда ҳам ёш авлод билан катта авлоднинг дунёқараши ўртасида зиддиятлар бўлиб келган. Бугунги  санъатга тўхталадиган бўлсак Ўзбекистоннинг барча оммавий ахборот воситаларида  оммавий маданият ҳақида тинимсиз гапирадиган бўлиб қолдик. Яъни оломончилик кайфиятидан қочиш, ёшларимизни маънавият, маърифатини издан чиқарадиган клиплар, киноларни тинимсиз танқид қила бошладик, аммо энг қизиғи бизнинг ўзимизда, ичимизда шундай нарсалар содир бўляптики, ууларнинг зарари  ташқаридан кириб келаётган оммавий маданият унсурларидан кам эмас.  Ички емирилиш бу жуда катта муаммо. Бугун айрим катта санъаткорлар ҳам айтаётган қўшиғининг фаҳмига бормайди.

Ҳукумат шунча имкониятлар бериб қўйса-ю биз ундан тўғри фойдалана олмасак.  Қўшиқларнинг савиясизлиги ҳақида 10 йиллардан буён гапирилмоқда, аммо бунга ҳалигача ечим топилмади. Аллақачон кескин чоралар кўриш вақти келди.

Шу кеча кундузда Шароф Муқимовнинг “Божа-божа” қўшиғи  эфирда кетяпти. Энди ўйлаб кўринг: 30 млн. мухлиснинг олдига чиқиб шуни айтиб бўладими? Баъзиларини умуман таҳлил қилиб бўлмайди. Кўп қўшиқчилар ўз оғзидан чиқаётган сўзларни қулоғи  эшитмайди деб ўйлайман. Чунки бу савиясизликни ижро қилиш учун камида кар бўлиш керак. Бугун мумтоз шоирларнинг шеърларини ҳам бузиб айтишяпти. Нима, энди қўшиқ яратаман деб эртага  Навоийни ҳам бузиб куйга солишадими? Ҳар битта қўшиқнинг сўзи катта ижодкорлар нигоҳидан ўтмаса, биз шеъриятимизни ҳам адабиётимизни ҳам, санъатимизни ҳам пайҳон қилиб қўйишимиз мумкин.

Алишер Назарнинг ўринли танқид ва этирозларини Шароф Муқимов етказдик  ва ундан қуйидагича жавоб олдик.

Шароф Муқимов: — “Божа-божа” қўшиғимиз шеъри  Ботир Эргашев қаламларига мансуб бўлиб, икки ўртоқ опа-сингилга уйланиб божа бўлиши назарда тутилган. Бундан кейин юқоридаги танқидлардан ўринли хулоса чиқарган ҳолда, қўшиқнинг сўзига ва маъносига янада масъулият билан ёндошишга ҳаракат қиламан.

Хулоса ўрнида

Кўриб турганингиздек хонандаларнинг қўшиқларига мутахассисларнинг фикрлари кескин. Бу мавзуни шу билан тугатмоқчи эмасмиз. Умид қиламизки, хонандалар мақолани ўқиб ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришади. Сиз ҳам, ҳурматли мухлис, бу борадаги фикрларингизни биз билан ўртоқлашишнгиз мумкин.

Феруз Муҳаммад тайёрлади

    Бошқа янгиликлар