Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечаклар ва пойабзаллар билан таъминлаш ҳамда ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача республикамизда жами 1876 та мактаб ярмаркалари ташкил этилади, дея хабар беради Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати. Мактаб ярмаркаларининг 970 таси умумий ўрта таълим мактабларида (уларга 6298 та мактаблар бириктирилган) ташкил этилиб, 232 таси академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, 398 таси аҳоли гавжум бўлган бозорларда, 276 таси йирик савдо мажмуаларида ташкил этилади. Олис ва бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудларга 98 та кўчма автодўконлар хизмат кўрсатади.
Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади. Булар: ўқувчи дафтари, умумий дафтар, кундалик дафтари, расм дафтари, ручка, портфель (ранец), чизғич, циркуль, акварель буёқлари, рангли қаламлар, фломастер, ватман қоғози, ўчирғич, пластилин, елим (клей), рангли қоғоз, қалам йўнғич, қаламдон (пенал), нота дафтари, идора дафтари, тушь, оддий ва рангли бўр, бархат қоғоз, қиз болалар ва ўғил болалар учун пойабзаллар, болалар спорт кийимлари. Қувонарлиси, мазкур маҳсулотларнинг аксарият қисми юртимизда ишлаб чиқарилган.
Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида мутасадди компания ва ташкилотлар етказиб беради. Етказиб берилган маҳсулотларнинг сақланиши, уларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда бошқа зарурий хавфсизлик чоралари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Маҳаллий ҳокимликлар хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда мактаб ярмаркаларида савдоси ташкил этилаётган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги амалдаги стандартлар талабларига жавоб беришини ҳамда уларнинг сифатини назорат қилади.
Мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нарх-наволарининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилган.
Ярмаркаларда савдо ишларини амалдаги солиқ ва банк қонунчилигига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказиш ҳамда аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида савдо ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектларида 1876 та барча турдаги тўлов терминаллари (узкарт, виза, он-лайн) ўрнатилиши белгиланди.





