Анъанага мувофиқ, яна бир кундай кейин, яъни 1 августда мамлакатимиздаги барча олий ўқув таълим муассасаларида тест синовлари ўтказилади. Шу куни талаба бўлиш орзусидаги ёшларимизнинг билим ва тафаккури чинакамига синовдан ўтади. Давлат тест маркази берган маълумотларга кўра, бу йил олий таълим муассасаларига 605 836 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Ушбу рақам билан абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш рекорди яна янгиланди. Тест натижаларига кўра эса бу йил олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналишига жами 57 907 нафар талаба қабул қилинади. Бу эса талабаликка қабул қилинувчилар ўртасида бир ўрин учун 10,45 абитуриент билимда беллашади, дегани.
ЯГОНА ТАНЛОВ БОР-У, АММО...
Маълумки, Олий таълим муассасаларига қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилади. Тест синовлари, шунингдек уларни ўтказиш тартибини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади. Давлат тест маркази томонидан тест синовларини юксак савияда, белгиланган барча қоида ва меъёрларга қатъий амал қилган ҳолда ўтказиш ташкил этилади.
Аммо шунга қарамай бу борада ўқишга киришнинг “ўзига хос” услублари ҳам “ишлаб чиқилгани” ҳеч кимга сир эмас. Изланишларимиз самараси ўлароқ, бугунги кунда ўқишга киришнинг 15 дан ортиқ норасмий ва ноқонуний усуллари борлиги маълум бўлди.
ҚАНДАЙ УСУЛЛАР МАВЖУД?
Абитуриентларнинг тест синовларига қандай тайёргарлик кўргани билан қизиқсангиз, ҳақиқатан ҳам ўз билимига таянаётганлар орасида “Танка”, “Шпора”, “Паравоз”, “Бункер”, “Телепатия”, “Солдат” , “Телефон”, “Парашют”¸ “0–вариант ëки Х–вариант”га ишонаётганлари ҳам борлигига гувоҳ бўласиз. Тест синовларини адолат мезони асосида ўтказиш борасида барча чоралар сафарбар этилаётан бир пайтда ана шу шундай ғирром усуллар билан ўқишга кириш ва киритишни истаётган кимсалар борлиги ачинарлидир. Хўш, бу атамалар ўзи нимани англатади? Уларнинг ортида кимлар турибди? “ШПАРГАЛКА”
Энг кенг тарқалган маккорона ва ҳамёнбоп усуллардан бири. У ҳақда эълонларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Бунга кўра, тест имтиҳонлари арафасида чоп этиладиган саволлардаги ҳар бир сўзнинг бош ҳарфлари ва жавоблар кичик шрифтларда жамланади ва шпаргалка тарзида чоп этилади.
Фақат... Ҳар йили минглаб абитуриентлар “шпаргалка”дан тушмагани, кетган пулга куйиб қолишгандан нолишади. “Шпаргалка” қисқартмалари саволларга мос тушмайди ёки жавоблари нотўғри чиқади.
"БУНКЕР"
Маълумотларга кўра, “бункер” усулида мутахассислар эрталабки соат 06.00 да тест синовлари ўтказилаётган бинодаги махсус хонага киришади. Биров билиб қолмаслиги учун, ушбу хона, яъни "бункер" ташқаридан қулфлаб қўйилади. Кейин тест саволлари бўйича “даҳо” бўлиб кетган бу мутахассислар тест саволларини ечиб беради. “Келишилган” абитуриентлар қўлларига тайёр ечилган ва белгиланган вариант тарқатилади.
Бунда абитуриентларнинг барчаси бир гуруҳга йиғилади. Ўша гуруҳдаги барчадан савол бюллетенлари йиғиб олинади ва “бункер” хонасида ўтирган “билимдон”ларга етказилади. Тўғри жавоблари белгиланиб, имтиҳон тамом бўладиган пайтда “махсус” аудиторияга олиб чиқиб берилади. Кейин абитуриентлар гўё ўзлари тўлдирган жавоблар варақаларини топшириб, чиқиб кетишади.
Фақат... Бу қинғир иш фош бўлиб қолгудек бўлса, “бункер”чиларга ҳам, улар билан келишган абитуриентларга ҳам тегишли чоралар кўрилади.
"ТЕЛЕПАТИЯ"
Маълум бўлишича, айрим абитуриентлар сканер-ручка деган ускунадан фойдаланишади. Кимнидир ўқишга киритиш учун ёлланган сохта абитуриентнинг қўлига нархи “фалон пул” турадиган сканер-ручка тутқазилади. У тест вариантидан бу ускуна ёрдамида муайян абитуриентнинг саволлар китобидан нусха олади ва гўёки ўз жавоб варақасини тезлик билан тўлдириб, аудиториядан чиқиб кетади. Кейин ундан сканер-ручка қабул қилиб олинади ва унинг хотирасига туширилган саволлар мутахассислар томонидан ишланади. Жавоблари эса СМС орқали аудиторияда қолган абитуриентга жўнатилади.
Фақат... Биринчидан бундай “ручка”ни топишнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, техникага барибир ишонч йўқ. Энг муҳими, виждонни унутмаслик керак.
"ПАРОВОЗ"
Ушбу усулда абитуриентнинг тестини ишлаб бериш учун бошқа бир ўқув юртида ўқиётган ақлли талабалар маълум тўлов эвазига жалб қилинади. Бундай талабалар маълум бир гуруҳларга сохта абитуриент сифатида кириб, камида 10-15 нафар йигшит ё қизнинг тест саволларини ишлаб беради.
Фақат... Ҳар қандай паравознинг ҳам билим доираси чекланган. Гоҳида ўта билимдон “паравоз” ҳам кутилмаган саволлар қаршисида довдираб қолади.
“СОЛДАТ”
Айрим ҳолларда махсус одамлар ҳатто ўқишга киритилиши лозим бўлган талабалар учун ана шу “солдат” номини олган аълочи талабаларга ўзининг расми ёпиштирилган қалбаки ҳужжатлар ясаб беришади. Сохта “абитуриант” эса, бировнинг фамилияси билан кириб, тестни ечиб чиқади.
Фақат... Бировнинг ўрнига имтиҳонга киришдан ташқари, ҳужжатларни қалбакилаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланган.
“ПАРАШЮТ”
“Парашют” услубидан иссиқ ҳаво баҳона очиб қўйилган деразалардан фойдаланилади. Бунда абитуриент тест саволини деразадан пастга улоқтиради. Пастдагилар эса тестни ечиб “жавобни” ечиб, думалоқ қилиб ғижимлаб қайта деразадан отиб киргизишади.
Фақат... “Думалоқланган жавоблар “керакли” абитуриентга тегадими, бошқасигами, сиз қаердан биласиз?
“Х” ВАРИАНТ
Маълумотларга кўра, “Х” вариант тест имтиҳонлари учун тайёрланган савол-жавобларнинг сирли ҳолатда ташқарига сизиб чиқишидир. Бу вариант ким томонидан тарқатилиши номаълум. "Х" вариантни қўлга киритган гуруҳлар махсус уйларда талабаларга ўша жавобларни ёдлатади.
Фақат... “Юз фоизлик кафолат” билан ўта қиммат нархларда пулланган “Х-вариантлар” ҳам бир чақалик иш бермагани тажрибада жуда кўп учрайди.
“АУДИТОРИЯ КУЗАТУВЧИЛАРИ”
Айрим абитуриентлар тавакалл қилиб, аудитория кузатувчиларига ишонган ҳолда тест синовларига киришади. Баъзи аудитория кузатувчилари ўз навбатида уларга “бир амаллаб” олиб кирилган телефон ёки шпаргалкалардан фойдаланиш учун имкон яратиб беришади. Албатта, қуруқ “раҳмат”га эмас.
Фақат... Тўғри, масъулиятдан кўра, чўнтакни ўйлайдиган “кузатувчилар” бордир. Аммо, беш қўл баравар эмас. Ўз ишини ҳалол, виждонан бажарадиган кузатувчилар кўпаярверсин!
ТЕСТ ЖАРАЁНИДАН ЧЕТЛАШТИРИЛАДИ
Диққат қилинг!
- Тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриентда микрокалкулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар мавжудлиги аниқланса улар бинога киритилмайди ва тегишли далолатнома тузилиб, тест жараёнидан четлаштирилади.
- Тест синови жараёнида абитуриент томонидан саволлар китоби варағи йиртиб олинганлиги аниқланса, тест синовларини топшириш қоидалари бузилган ҳисобланади ва тест синовидан четлаштирилади.
- Белгиланган вақтда тест синовларига келмаган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилмайди.
- Тест синовларини топшириш вақтида абитуриентнинг аудиториядан чиқиши тақиқланади, аудиториядан чиққан абитуриентлар қайтадан тест синовларига қўйилмайди, соғлиғининг ёмонлашиши ва бошқа шу каби ҳолатларда тест материалларисиз қават бўйича вакил кузатуви остида аудиториядан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.
ЭЪТИРОЗ ЮЗАГА КЕЛГАНДА!
Абитуриент тест саволлари ёки тест синовларини ўтказиш жараёни юзасидан эътирозлари мавжуд бўлганда, тест материалларини топширганидан сўнг, шу куннинг ўзида қабул комиссияси, Давлат тест марказининг таълим муассасаси ёки бино бўйича вакили орқали Давлат тест марказига ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Сиз-чи, сиз қай йўлни танладингиз? Ўз кучингизга, билимингизга ишонасизми ёки юқоридаги ғирром, жирканч усуллар ва қаллоб кимсаларгами? Зеро, юқорида санаб ўтилган усуллар айрим шахсларнинг моддий манфаатларини кўзлаган ҳолда ўйлаб топилгани аниқ. Бу усулларни қўллагани учун тегишли жазосини олган кимсалар жуда кўп. Шу боис, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига ушбу усуллардан ҳеч бирини тавсия этмаймиз.
Абитуриентлар бундай усуллар ҳақида ўйлашга вақт ва маблағ сарфлагандан кўра Давлат тест марказининг www.dtm.uz сайтида берилган дарсликлар рўйхати асосида пухта тайёргарлик кўрса, астойдил изланса, ҳеч қачон ютказмайди. Билимли, зеҳни ўткир, билимга чанқоқ, интилувчан ёшлар шубҳасиз, талабалик баxтига эришадилар.
Шундай экан, давлат имтиҳонини топшириш арафасида турган ёшларимизга қарата, фақат ўз билимингизга ишонинг, биргина ортиқча ҳаракат билан талаба бўлишдек бахтни қўлдан чиқарманг ва Ватанимизнинг порлоқ истиболига ҳисса қўшишга қодир ёшлар сафидан ўрин олишингизга ишонамиз.
ЎЗ КУЧИ ВА БИЛИМИГА ИШОНГАН АБИТУРИЕНТЛАРГА “ДАРАКЧИ” ГАЗЕТАСИ ОМАД ТИЛАБ ҚОЛАДИ!
Лайло РУСТАМОВА тайёрлади





