АсосийJamiyat

Раиса МИРЗАЕВА: “ОИЛАМИЗГА ҲАММА ҲАВАС ҚИЛАРДИ”

Таҳририятимизга жуда таниш чеҳра машҳур сухандон Раҳматилла Мирзаевнинг собиқ рафиқаси Раиса Мирзаева кириб келди. Ўз вақтида жуда машҳур бўлган бу аёлни сиз ҳам танийсиз. У Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида инглиз тилида бошловчилик қилган илк сухандон аёл. Гап нимада эканлигини дарҳол тушундик. У она ва аёл сифатида у билан суҳбат уюштиришимизни сўради. Матбуот – эркин минбар. Унда ҳар бир инсоннинг  ўз фикрини баён эта олиш ҳуқуқи қонунан кафолатланади. Ана шуларни инобатга олган ҳолда, Раиса Мирзаеванинг ички кечинмалари билан ўртоқлашишга қарор қилдик.

  • Марҳум сухандон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист  Раҳматилла Мирзаев  билан севишиб турмуш қурган экансиз...
  • Биз Раҳматилла ака билан 1975 йилда дугонамнинг туғилган кунида танишганмиз. Ўша йил мен чет тиллар институти (ҳозирги ЎзДЖТУ)ни, Раҳматилла ака эса театр санъати институти (ҳозир Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти)ни тугатдик. Раҳматилла акани ота-онам билан таништирдим. Аввалига унинг диктор эканлиги уларга унчалик ёқмади. Кейинчалик у билан яқинроқ танишишганидан сўнг ёқтириб қолишди. Кунларнинг бирида Раҳматилла ака илк учрашувдаёқ орамизда меҳр пайдо бўлганини англаб, ҳаммасини ҳар томонлама ўйлаб кўрганини ва якуний  қарорга келганини айтди. Мен ҳам бу таклифни бажонидил қабул қилдим. Ўшандаёқ Раҳматилла ака бир кун келиб ўғил фарзанд кўрсак, унга Умид деб исм қўйиш нияти ҳақида айтган эди.
  • Турмуш қурганингиздан сўнг оилавий муносабатларингиз қандай кечганди?
  • Катта тўй қилдик. Шу кундан бошлаб уйимиздан дўстлар, ҳамкасблар, қўшнилар  ва қариндошларнинг қадами узилмади. Эшигимиз ҳаммага  очиқ эди. Бизникига кўпчилик  ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам излаб келишарди. Ҳеч ким ноумид қайтмасди. Фарзандларимизнинг тарбиясига ҳамма ҳавас қиларди. Қизим Зарифа кичик бўлишига қарамай, меҳмонлар учун дастурхон тузашга тушса, Умид отасининг дўстлари ўтирган хонага аввал изн сўраб кейин кирарди. Раҳматилла аканинг ҳаётида оила асосий ўринда эди. У  интервьюларидан бирида “Мен бахтни уч нарса — саломатлик, касб ва умр йўлдошини танлашда адашмасликда, деб биламан, агар тақдиримда Раисадек оқила, фидойи жуфти ҳалолим бўлмаганида мен ҳеч нарса қилолмаган бўлардим” деган эди.

Раҳматилла ака билан бирга ҳар хил вазиятларни: муҳтожликни ҳам, беморликни ҳам бошдан кечирдик. Оиламиз шиори “Биз ёш, ақлли ва кучли жамоамиз ва албатта муваффақият қозонамиз” эди. Хақиқатдан ҳам биз юлдузли оила мақомига эришдик ва қарийб 30 йил бахтли  ҳаёт кечирдик.

  • У ҳолда оилангиз нима сабабдан дарз  кетди?
  • Таниқли инсонлар атрофида доим ҳар хил аёллар, мухлисалар бўлади. Уларнинг айримлари бировларга тегишли нарсаларга дарҳол эгалик қилишни исташади. Икки нафар фарзанди бор, оилали эркакни йўлдан уришга тайёр  аёл бизнинг ҳам бахтимизга соя солди. Афсуски, бундайлар  бугун кўплаб бегуноҳ аёллар ва болаларнинг бахтига завол бўлишади. Давлатимиз ҳам оилаларнинг пойдеворини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб келмоқда. Сабаби мустаҳкам оилагина давлатни кучли қилиши мумкин. Ҳеч қайси аёл менинг ўрнимда  бўлишни истамаса керак. Умр йўлдошим бу ҳодисани ҳайетидаги энг катта хато дея қабул қилган. Йиллар давомида у оиламизни қайта тиклашга интилди. Вафотидан аввал - 8 март куни бир йўла иккита тўй хақида яқинларимизга маълум қилмоқчи эди:  Бу бизнинг қайта оила қуришимиз ва ўғлимизнинг тўйи эди. Бироқ... Афсус..
  • Раҳматилла аканинг фарзандлари билан муносабати қандай эди?
  • У фарзандларида ўзининг ва ота-онасининг давомчиларини кўрарди. Қизимиз Зарифа 12 ёшга  тўлганида ўғлимиз Умид туғилди. Ўшанда биз 40 ёшда эдик. Умид туғилган кунидан бошлаб Рахматилла ака унинг ҳаётини режалаштиришга киришганди. У ҳаммага Умидни ғайриоддий бола деб мақтарди. Умид 3 ёшдаеқ болалар телекўрсатувида ўзининг биринчи интервьюсини берган. Рахматилла ака Умидга  инглиз тили ўргатишим зарурлигини таъкидларди. Албатта барча оталар каби у ҳам эркалаган. Сабаби уларни ҳар қандай ота-она каби энг қобилиятли ва ақлли деб ҳисобларди. Болалар ҳам оталари доим уларни қўллаб-қувватлашини, ёрдам беришини ва ҳимоя қилишини билишарди. Оталарининг машҳурлиги, барчанинг унга ҳаваси ва эҳтироми болаларимизнинг отага муносабатига таъсир кўрсатган. Оталари уларга ўзларини яхши тутишлари, одобли бўлишлари зарурлигини таъкидларди.
  • Айнан Раҳматилла ака ва Умид ўртасида муносабатга ҳам тўхталсангиз?
  • Бу ота ва ягона ўғил ўртасидаги муносабат қандай бўлади?  Отаси барча унинг ўғлига дўст бўлишни истарди. Ўғли отасининг ўзи эди. Уни ҳамма яхши танирди, яхши кўрарди. Атрофида жуда кўп дўстлари бор эди. Умиднинг ҳаетида эса ота асосий одам эди. У отасини жуда яхши кўрар, унга ғамхўрлик қилар, тез тез олдига бориб турар, уйдаги ишларни бажарар, отаси йўқлигида уйда  ҳаммасига бош қош бўларди. Болалигиданоқ Умид: “Мен Рахматилла Мирзаевнинг ўғлиман”, деб ғурурланарди.. Умид отасига хурмат билан қарар, ва унинг барча топшириқларини бажарарди. Унинг дўстлари яхши билишарди отаси қўнғироқ килиши билан Умид ҳамма нарсани ташлаб унинг олдига учиб борарди. Раҳматилла ака болаларидан итоаткор бўлишларини талаб қиларди. Болалар эса оталари меҳрибонлигини  билишарди. Шунинг учун Умиднинг барча режаларидан отаси хабардор эди. Ўғлимиз уйланиш хақида қарор қилганида ҳам ҳудди шундай бўлди. Бизнинг оиламизда болалар ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга эди. Кўп нарса тўғрисида мен улар маслахатлашиб бўлганидан сўнг билардим.
  • Оиладаги тарбиявий муҳит хусусида ҳам бироз тўхталиб ўтинг.
  • Биз  болаларимиз маданиятли ва илмли бўлиб улғайишларига харакат қилдик. Ўзим таржимонлик, ўқитувчилик ва тележурналист касбларига эга бўлганим учун болаларга  ҳам билганимни ўргатдим. Уйимизда беш мингга яқин китобни жамлаган катта кутубхона бор. Раҳматулла ака  фарзандларини китобхон бўлиб улғайишини жуда-жуда истарди.  Умид китобга меҳр қўйиб ўсди. Бундан ташқари у жуда яхши расм чизади. Отаси унинг муваффақиятларидан ҳурсанд бўлиб, уни дунёнинг энг таниқли музейларига жўнатди. Рахматилла ака ўзи болалигида кўрмаганларини ўғли кўриши керак, деб хисобларди. Китобларда ўқиганини ўз кўзи билан кўриши учун биз уни Миср, Италия, Францияга олиб бордик. Умид 10 ёшга тўлганида отасидан бизнес юритиш учун 5 минг сўм сўраган.. Суриштирсак, у велосипедда уйимиз яқинидаги музқаймоқ ишлаб чиқарадиган корхонадан дўконга махсулотни олиб бориб бергани учун унга пул тўлашар экан. Ишлаган пулига эса мактаб учун қўлланма, дафтар, портфель ва барча зарур бўлган нарсаларни сотиб олди.
  • Умид кимлар билан дўстлашарди?
  • Умид отаси каби одамларни ўзига оҳанрабодек  тортиш қобилиятига эга эди. Шу боис  унинг дўстлари кўп эди. Улар асосан талабалар ёки университетни тугатган, ишлаётган, ўз бизнесига эга, уйланиб, оила тебратаётган ёшлар, ўзига тўқ, обрули оилаларнинг тарбияли болалари эди. Мен Умидни улар билан бўлганида хотиржам бўлардим.
  • Умид ва Қудрат ўртасидаги муносабатлар нимага асосланганди?
  • Умиднинг барча дўстларига ва оила аъзоларимизга ўғлимиз ёнида вақти-вақти билан Қудрат исмли йигит пайдо бўлгани ёқмасди. Атрофдагиларни бир-бирига умуман ўхшамаган ёшларни нима боғлаши мумкин деган савол қизиқтирарди. Қудрат Умиднинг болаликдаги  синфдоши эди. У Қудратга раҳми келар, унинг   молиявий қийинчиликларга дуч келгани, институтдан ҳайдалгани, ўқишга маблағи, аниқ иши йўқлиги учун унга ёрдам бермоқчи бўларди. Сабаби Раҳматилла ака, доим ўғлига дўстларга ёрдам бериш зарурлигини уқтирарди-да!
  • Рахматилла ака билан сўнгги учрашувингиз?
  • 15 февраль куни. У уйимизга Умиднинг тўйи хақида гаплашиш учун келган эди. 27 феврал куни эса оҳирги марта телефон орқали гаплашдик. Гап Рахматилла аканинг ўлимидан бир неча кун олдин Умидга Ласетти автомобилини совға қилганлиги хақида борди. Умиднинг “Спарк”и борку, нима учун янги машина керак бўлди?”, деган гапимга: “Мен Умидга бир йилдан сўнг яхшироқ машина олиб бераман деб ваъда берган эдим”, - деган эди...
  • Сўнгги сўз ўрнида...
  • Ким нима дейишидан қатъи назар, мен ўғлимнинг бу фожеага алоқаси борлигига ишонгим келмайди.

Раиса опанинг Умид ҳақидаги гапларини онанинг ўз жигарбанди ҳақидаги фикри сифатида қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Биз бу суҳбат орқали ўқувчиларимизга  Мирзаевлар хонадонидаги оилавий муҳит билан танишиш имконини бердик, холос...

                                               Лайло РУСТАМОВА суҳбатлашди.

    Бошқа янгиликлар