Бугунги кунда «Даракчи» газетаси ўз йўналиши, услуби, ўқувчиларига эга бўлган илғор нашрларимиз қаторида туради. Айни пайтда ижодкорлар газетанинг янада ўқишли, қизиқарли ва ранг-баранг чиқиши учун тинимсиз ҳаракат қилишмоқда. Бунда мухлислар билан мулоқот қилиш муҳим ўрин тутади.
14 июль куни “Даракчи” газетаси ижодкорлари Тошкент шаҳридаги “Чинобод” санаторийсида бўлиб, у ерда дам олаётган ҳамюртларимиз билан учрашишди. “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабти билан ўтказилган бу тадбирда асосий эътибор онахонлар ва отахонларимизга қаратилди. Таҳририят ходимлари иштирокчиларга газетани тайёрлаш жараёни, унинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот беришди.
Иштирокчилар ҳам ўз навбатида газета ҳақидаги фикр мулоҳазаларини билдиришди. Таҳририят ходимлари ва мухлислар ўртасида турли интерактив ўйинлар, викторина мусобақалари ўтказилди. Тадбир давомида иштирокчиларга “Даракчи” ва “Сўғдиёна” газеталарининг янги сонлари ва эсдалик совғалари тарқатилди.
Ушбу учрашувга Фирдавс Пазлиддинов, Шербек Шодиев сингари хонандалар ўз куй-қўшиқлари билан айрича файз бағишладилар.








