Бу хабарни эшитганимиз заҳоти ижодий гуруҳимиз билан Сирдарёга йўл олдик. Биринчи суҳбатдошимиз эски уй иморатини 2008 йилда таъмирлаш жараёнида топилган суяк қолдиқларини 7 йилдан буён асраб келган, кези келганда эса ўзи фаолият юритаётган мактабда дарс жараёнларида кўргазмали қурол сифатида фойдаланишни режа қилган Ховос тумани 12-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Муҳайё Абдураупова мазкур топилма билан боғлиқ тафсилотларни айтиб берди:
“СУЯКЛАРНИ БИР-БИРИГА УЛАШНИ БИЛМАГАНДИМ”
— Бундан етти йил муқаддам эски уйимизнинг поли остидан, ернинг 15-20 см. юза қисмидан номаълум жониворга тегишли суяклар топилди. Аввал бошида бу суякларни мушукнинг ёки каламушнинг суяклари бўлса керак, деб ўйладим. Сўнгра синчиклаб қарасам, каламушнинг ҳам, мушукнинг ҳам суякларига ўхшамайди. Мактабда география фанидан дарс берганим учун ушбу суякларни бирлаштириб, ўқувчиларга кўргазмали қурол қилмоқчи бўлдим. Аммо суякларни қандай қилиб бир-бирига улашни билмадим. Лекин кези келса, суяклар қандай ҳайвонга тегишлилиги аниқлаштирарман, деб асраб қўйдим. Яқинда соҳам бўйича малака оширишга боришимга тўғри келди. Шунда суякларни ҳам ўзим билан олдим. Вилоятимиз Ўлкашунослик музейига олиб бориб кўрсатдим. Шундан сўнг музейда олимлар жалб қилинган ҳолда бу топилма ўрганилиб, динозаврнинг суяклари эканлигини айтишди. Ҳайратдан ёқа ушладим.
Расм сирдарё вил музей
200 МЛН. ЙИЛДАН ОРТИҚ ВАҚТ МОБАЙНИДА ЕР ОСТИДА
Муҳайё Абдураупованинг айти берганлари бизнинг ҳам қизиқишимизни ошириб, Сирдарё вилояти ўлкашунослик музейига йўл олишга, динозаврни ўз кўзимиз билан кўришга ундади. Ўлкашунослик музейида биз директор Зокир Холдоров ва тарих фанлари номзоди Боймирза Ўроқов билан учрашдик. Биз янги топилманинг реставрация қилиниб (бир-бирига ёпииштирилган), асл ҳолига келтирилганининг гувоҳи бўлдик ва динозавр суяклари ёнида тарих фанлари номзоди Боймирза Ўроқовдан бизни қизиқтирган бир неча саволларга жавоб олдик:
- Кўриб турсам ҳамки ишонишим қийин бўлаётган суяклардан ташкил топган топилма — динозавр қайси даврда яшаган?
- Мазкур жонивор суякларини кўрган Самарқанд археология институтининг катта илмий ходими, археолог олим Алексей Андреевич Гритсинанинг айтишича, бу геологик эраларнинг маҳсули саналиб, мезозой даврида яшаган жонивор суягидир. Мезозой эраси қарийб 250 млн. йил аввал бошланиб 185 млн. йил давом этган. Фанда мезозой эраси уч даврга — триас, юра, бўр даврларига бўлинади. Триас мезозой эрасининг дастлабки даври ҳисобланиб, тахминан 200 миллионинчи йилгача чўзилган. Ховосда топилган ушбу динозавр суяклари триас даврига бориб тақалишини ҳисобга олсак, демак у 200 млн. йилдан ортиқроқ вақт мобайнида ер остида ётган.
- 200 млн. йилдан ортиқроқ вақт мобайнида мазкур суяклар емирилиб, тупроқ билан қўшилиб кетмаганлигининг сабаби нима?
- Тўғри айтасиз, 200 млн. йил оз муддат эмас, аммо суяк бўлаклари топилган жойда, динозавр суяклари шунча вақт сақланиб қолиши учун табиий шароитлар мавжуд бўлган. Чунки суяклар топилган жой ҳар томонлама қулай, тупроғи ҳам қуруқ бўлган. Кейин яна бир гап: каламуш катталигича келадиган бу жониворлар тўп-тўп бўлиб яшашган. Аммо топилган суяк битта жониворники. Агар шу атрофда археологик қазишма ишлари олиб борилса, бундан-да ноёб жониворлар ёки тарихий буюмлар топилиши мумкин. Бу суяк тасодифан топилган, ҳали ҳеч ким Ховосга айнан динозавр суякларини қидириш учун келгани йўқ.
- Тошкент ва Сурхондарё вилояти ҳудудларидан ҳам динозавр излари топилганлиги ҳақида маълумотлар берилганидан хабарингиз бор. Мазкур динозаврлар билан Ховосдаги топилма бир даврда яшаганми?
- Тошкент ва Сурхондарё вилоятларидаги динозавр излари Юра даврига тегишли. Ховосдаги динозавр суяклари эса триас даврига мансуб бўлиб, бундай суяклар Ўзбекистонда ҳали топилмаган. Шу жиҳатдан бу археологиямизнинг улкан муваффақияти, десам янглишмаган бўламан.
- Триас даврида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида динозаврлар яшаши учун шароитлар мавжуд бўлган, деб ўйлайсизми?
- Айнан динозавр қолдиғи топилган Ховос тумани Карвонсарой маҳалласи Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган. Ниҳоятда қадимий манзилгоҳлардан ҳисобланади. Бу ерда динозаврлар яшаши учун табиий муҳит қулай бўлган.
Маълумот учун
Биргина Ховос туманининг ўзидан 5,5 мингдан ортиқ тарихий топилмалар топилган бўлиб, буларнинг ичида энг ноёблари: Зардуштийлик даврига оид Анахита ҳайкалчалари, Сомонийлар даврига оид мис тангалар, Хll асрга оид Ҳумо қуши туширилган шамдонлар, Xlll-ХlV асрларга оид ўзидан йод ажратиб чиқариш хусусиятига эга бўлган хумдон ва кўзалар, Темурийлар даврига оид Амир Темур давлатининг муҳри туширилган кўзалардир.
ҲАММА ХОВОСНИНГ ҲАВАСИДА
Маълумотларни олиб бўлгач, динозавр топилган жойни ўз кўзимиз билан кўриш иштиёқи бизни Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳридан 25-30 км. масофада жойлашган Ховос туманига чорлади. Йўл-йўлакай эса Сирдарё вилояти Ўлкашунослик музейи директори Зокир Холдоров Ховос туманининг пайдо бўлиш тарихи ҳақида сўзладилар:
- Қадимда шу ҳудудларнинг подшоси Қаханинг қизи малика Ҳавас оғир бетоб бўлиб қолади. Подшо қизини юртидаги барча табибларга кўрсатса ҳамки, дардига малҳам тополмайди. Иложсиз қолган подшо Чинмочин давлатига йўл олади, аммо у ернинг табиблари ҳам малика Ҳаваснинг дарди олдида ожиз қолишади. Подшо бор умидини узиб ўз юртига қайтаётганида йўлда бир тепалик ёнида қизи малика Ҳавас кўзини очади. Чунки бу ернинг ҳавоси ниҳоятда майин, сувлари тоза ва тиниқ бўлади. Хурсанд бўлган подшо шу тепалик ўрнида қизининг номи билан Ҳавас қалъа бунёд қилади. Шу билан Ҳавас шаҳри бунёд бўлади. Вақтлар ўтиши билан талаффуз ўзгариб, Ҳавас Ховос деб юритила бошлайди.
Диназавр топилган уй РАСМ
Диназавр Ховос тумани Карвонсарой маҳалласи, Гулзор кўчаси 41-уйдан 2008 йилда топилган
“ЖАҒЛАРИ ВА ТИШЛАРИНИНГ КАТТАЛИГИ ФИКРИМНИ ЎЗГАРТИРГАН”
Манзилга етиб, динозавр топилган уйда Муҳайё Абдурауповага яна бир неча савол билан мурожаат қилдик:
- Бу суякларни бошида каламушнинг суякларига ўхшатган экансиз, нега фикрингиз ўзгариб қолди?
- Суяклар топилганда мен-ку майли, ҳаттоки онам ҳам “бу каламушнинг суяклаларини йўқотинглар”, дегандилар. Аммо синчиклаб қарасам, суяклар каламушникига ҳам, мушкуникига ҳам ўхшамайди. Чунки қаранг, калла суяги катта, тишлари ҳам. Шунинг учун фикрим ўзгарган, аммо динозаврники бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди.
Аммо мазкур суяк устида ҳамон тадқиқот давом этяпти. Лекин суратларда кўриб турганингиздек, бир-бирига уланган суяклар юқоридаги тахминларни ҳақиқат эканлигига бир ишора. Ушбу репортаждан кейин ижодий гуруҳимиз бир хулоса келди: ҳали Ховос тўла тадқиқ қилинмаган. Эҳтимол бу ҳолатга эътиборга қаратилиб, ҳудудда археологик изланишлар олиб борилса, яна кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳайратланарли топилмаларга гувоҳ бўлишимиз шубҳасиз.
Феруз МАМАТОВ, журналист
Фотомухбир Шерзод Алимов





