АсосийJamiyat

Тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қиладиган банк ходимларига нисбатан кескин чоралар кўрилади

Марказий банк томонидан кичик бизнес вакиллари, фермерлар, хусусий тадбиркорлар, коллеж битирувчилари иштирокида мамлакатимиз Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида илгари сурилган талабларни бажариш масалаларига бағишланган анжуман ташкил этилди.

Унда Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Республика Бош прокуратураси, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, тижорат банклари мутассаддилари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирок этди, дея хабар беради Марказий банк матбуот хизмати.

“Мазкур ҳужжат хусусий мулкнинг иқтисодиётдаги ролини ошириш, ишбилармонлар олдида турган тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, уларнинг янада эркин фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиб бериш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, - деди Марказий банкнинг Тижорат банклари инвестиция портфелини мониторинг қилиш департаменти директори Азамат Қосимов. - Соҳа вакилларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг истиқболига халал берувчи тўсиқларни бартараф этиш бўйича тўртта асосий йўналишли 33 та аниқ чора-тадбирни амалга ошириш белгиланган комплекс дастур тасдиқланди. Тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилмоқда, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби янада соддалаштирилмоқда, маъмурий ва жиноий қонунчиликни либераллаштириш орқали тадбиркорликка янада кенг эркинлик берилмоқда. Шундан келиб чиқиб, банк ва мижоз ўртасидаги муносабатларни белгиловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилади”.

Марказий банк банк тизими ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳуқуқий-меъёрий муносабатларни замон талабларига мослаштиришга киришди. Бунинг учун авваламбор, фармон мазмун-моҳиятини банк ходимлари ва мижозларига батафсил тушунтириш, уларнинг масъулиятини ошириш учун жойларда семинарлар ташкил этмоқда. Бу семинарларнинг мундарижасига банк ва мижозлар ўртасидаги меъёрларни соддалаштириш, тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-тамойиллар ҳам киритилган.

А.Қосимовнинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда Марказий банк Халқ банки, тегишли вазирликлар ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда юридик шахсларнинг ўз ходимларининг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобрақамига тўловларни ўтказиш тартибини соддалаштириш, жамғариб бориладиган пенсия тизимининг электрон маълумотлар базасини янада такомиллаштириш борасида иш олиб бормоқда. Тадбиркорлик субъектларига жамғариб бориладиган пенсия тизимига фуқароларни ҳисобга қўйишда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий этиладиган “тадбиркорлик субъектининг кабинети” орқали электрон аризалар тақдим этиши кифоя қилади.

Таъкидландики, банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар буткул янгича манзара касб этади. Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тамойиллари Интернет тармоғи орқали кенгайтирилиб, юзма-юз мулоқотга барҳам бериб борилади. Бундай чоралар тизимда бюрократик тўсиқларга барҳам беради, очиқлик ва шаффофликни таъминлайди. Марказий ва тижорат банкларининг расмий веб-сайтларида бизнес мулоқотларни электрон платформада ташкил этиш, ҳар қандай зиддиятли масалани зудлик билан ечиш имкониятлари мавжуд.

Марказий банкда қабул қилинажак меъёрий ҳужжатларни кучга киришдан аввал Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштириш, киритилаётган ўзгаришларга мижозларнинг фикрларини билиш ва ўрганиш амалиёти йўлга қўйилган. Айни йўсин ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ишончни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга.

“Марказий банк, - дея давом этди А.Қосимов, - банк ходимлари томонидан давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузган, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларини ноқонуний тўхтатиб қўйган ёки пул маблағлари тўғрисидаги ахборотларни асоссиз тақдим этган, тадбиркорлик тузилмаларини хайрия ва пул маблағлари ажратиш билан боғлиқ ишларга аралашган, уларнинг иш фаолиятига тўсқинлик қиладиган банк ходимларига нисбатан кескин чоралар кўриб боради”.

У фармонда белгиланган вазифаларнинг банк тизимида аниқ бажарилишига, пировардида тадбиркорлик тузилмалари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ошиб, янги иш ўринлари яратиш, умуман халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

“Фармон ижроси, - дея қайд этди А.Қосимов, - мамлакатимизда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратади, бизнес муҳитни яхшилайди ва тадбиркорлик тузилмаларининг кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Мана шуни эътиборга олиб, 2020 йилгача кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини 22,5 трлн сўмга етказиш, шу жумладан узоқ муддатли инвестиция кредитлари ҳажмини 2,5 баравар ошириш режалаштирилмоқда”.

    Бошқа янгиликлар