АсосийJamiyat

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари таълим вазирларининг илк учрашуви ўтди

25—26 июн кунлари Ригада Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари таълим вазирларининг биринчи учрашуви ўтказилди.

У Европа Иттифоқи Кенгашидаги Латвия васийлигида Европа Комиссияси ҳамда Европа ташқи ишлар хизмати ҳамкорлигида ташкил қилинди. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Латвия фан ва таълим вазири Марите Сейле Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Музокаралар давомида томонлар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқалар, жумладан таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

Учрашувда олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Ваҳобов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси чиқишида кейинги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган туб ислохотлар жаҳон стандартларига жавоб берадиган тизимни шаклланишига туртки бергани алоҳида қайд этиб ўтилди.

"Жаҳон" ахборот агентлиги маълумотига кўра, учрашув якунида вазирлар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган комюнике ва йўл харитасини қабул қилди.

 

    Бошқа янгиликлар