Ўзбекистон ёшлари ўз Ватани билан фахрланади - “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган навбатдаги ижтимоий сўров шу мавзуга бағишланди.
Ижтимоий сўров шуни кўрсатдики, таълим ёш авлоднинг ҳаётий қадриятлари тизимида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Чунончи, 2010- 2011 йилларда ўтказилган ижтимоий сўровларда ёшларнинг учдан бир қисми олий маълумотли бўлиш истагини билдирган бўлса, 2013 йилда ҳар иккинчи (57,2 фоиз), 2015 йилда эса 73 фоиз йигит-қиз олий таълим муассасасида ўқишни хоҳлашини билдирган. Улар орасида коллеж ва лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга ёшлар бор.
Ижтимоий тадқиқотга кўра, 80 фоиздан зиёд ўғил-қиз спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Шуниси эътиборга лойиқки, ижтимоий сўровда ёшлар онги сезиларли даражада ўсгани аниқланди. Бу ёшларимиз дунёқарашининг кенгайиб бораётгани, уларда ватанпарварлик, ўз Ватани билан фахрланиш ва унга содиқлик туйғуси ривожланаётганидан далолат беради.





