АсосийJamiyat

S&P банк тизимидаги ижобий ўзгаришларни қайд этмоқда

 

Мамлакатимизда олиб борилаётган самарали иқтисодий сиёсат, хусусан банк тизимида амалга оширилаётган ва мавжуд аниқ йўналишлар банк-молия тизимининг барқарор ривожланишига мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан «Standard&Poor’s» халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон тижорат банкларига халқаро рейтинг тақдим этилиши ва қайта тасдиқланиши масалаларига бағишланган навбатдаги конференция ташкил этилди.

Конференцияда Марказий ва тижорат банкларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, кредит ташкилотларини аудитдан ўтказувчи халқаро ва маҳаллий аудиторлик компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ушбу тадбир мамлакатимиз раҳбарининг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш доирасида ўтказилди.

Анжуман давомида «Standard&Poor’s» экспертлари томонидан рейтинг тақдим этиш мезонлари таҳлили, ўз кредит лаёқатлилигини баҳолаш, шунингдек, банк назорати бўйича Базель комитетининг “Базель III стандартлари”ни жорий қилиш тажрибаси тавсиялари ва уларнинг банклар рейтингига таъсири масалалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, экспертлар банк тизимининг Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишида тутган ўрнига баҳо бердилар ва банкларнинг иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаши кенгайиши орқали ялпи ички маҳсулотнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлаётганини таъкидладилар.

«Standard&Poor’s» экспертларининг фикрича, банк тизимининг барқарор ресурс базаси ва тегишли банк назорати иқтисодий ўсишдаги ижобий омиллардир. Бу ҳолни рейтинг агентлигининг Молиявий институтлар директори ўринбосари Анастасия Турдиева шундай изоҳлайди: «Биз Ўзбекистон банк тизимининг капиталлашиш даражаси ва ликвидлилигини ошириш, Базель-III талабларини жорий этишга қаратилган мамлакат раҳбарининг май ойида имзоланган 2344-қарори билан танишмиз. Биз бу ташаббусни ижобий баҳолаймиз, чунки биз Ўзбекистон банк тизимининг капиталлашишини доимо муқобил тарзда деб баҳолаб келганмиз, биринчи навбатда, бу банклар ўз даромадларини ошириши мумкин бўлган активлар ўсиши юқори суръатларда давом этмоқда. Бундан ташқари, капиталлашувга давлатнинг банклар иштирокидаги йирик инвестицион лойиҳалари катта таъсир ўтказмоқда. Шу боис давлат жорий этишни режалаштираётган чоралар банк тизимида ижобий из қолдиради. Ҳозир унинг натижалари ҳақида гапиришга бироз эрта, бу Марказий банк томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қабул қилинажак меъёрларга боғлиқ, чунки Базель III тавсия характерига эга. Ҳар бир юрисдикцияда Марказий банклар мамлакатда истифода этиладиган талабларнинг бажарилиш графиги ва минимал кўрсаткичларини мустақил ҳал этадилар. Биз Марказий банк қабул қиладиган меъёрларни сабрсизлик билан кутмоқдамиз ва умид қиламизки, талаблар жорий этилгунга қадар банкларнинг бу меъёрларни бажаришга тайёрлиги тестдан ўтказилади».

МДҲга аъзо айрим мамлакатлар рейтингининг ёмонлашуви фонида Ўзбекистон банк тизимининг иқтисодий рискка таъсирчанлиги “барқарор” деб баҳоланмоқда.

Банк тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ мақсадли чоралар банк тизимининг жами капиталини сўнгги беш йилда 2 мартадан ошиқроқ, ўтган йилнинг ўзида эса 25 фоиз ўсишини таъминлади. Банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 24 фоизни ташкил этади ва бу кўрсаткич халқаро стандартлардан (8 фоиз) 3 баравар кўпдир.

Таъкидландики, Марказий банк томонидан банк тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва самарали банк назоратининг олиб борилиши, жумладан, активлар сифати, кредит портфелини диверсификация қилиш, капиталнинг етарлилиги ва ликвидлик кўрсаткичлари устидан доимий мониторинг ўрнатилиши мамлакат тижорат банкларининг барқарор фаолият юритишига етарлича шарт-шароит яратмоқда.

Марказий банк томонидан банк назорати Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва банк назорати бўйича Базель қўмитасининг тавсиялари асосида илғор халқаро тажрибалар асосида узлуксиз ва ўз вақтида такомиллаштирилиб борилмоқда.

 

 

    Бошқа янгиликлар