АсосийJamiyat

Абитуриент-2015: Энг кўп сўраладиган саволларга жавоблар

Саноқли кунлардан сўнг республикамиздаги олий таълим муассасаларига ҳужжатлар қабул қилиш бошланади. Хўш, бу йилги имтиҳонлар қандай ўтади? Тизимга ўзгартиришлар киритилдими? Имтиёзлар кимларга берилади? Мактабни ўзбек тилида битирганлар олий ўқув юртининг рус гуруҳида ўқишлари мумкинми?  Мана шундай саволлар билан таҳририятимизга бугунга қадар фарзанди олий ўқув юртига кириш арафасида турган ота-оналар ёки уларнинг ўзлари кўп маротаба мурожаат қилишди.  Кўп сонли муштарийларимизни қизиқтираётган мазкур саволларга  Давлат тест маркази директори Жаҳонгир Исмоиловдан жавоб олдик.     

ҲАРБИЙ ИМТИЁЗДАН НЕЧА МАРОТАБА ФОЙДАЛАНИШ МУМКИН?

Ўғлимнинг ҳарбий имтиёзи бор, аммо икки йилдан буён ўқишга кира олмаяпти унинг ҳарбий имтиёзи бу йилга ҳам ўтадими?

Барно Сулаймонова,

 Тошкент вилояти

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси  қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1765-сон қарорининг 1-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари  сафида  муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга  ҳарбий қисмларнинг  қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.

ЎЗБЕК ТИЛИДА ЎҚИГАНЛАР  ИНСТИТУТНИНГ РУС ГУРУҲИГА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИМИ?

 Мактаб ёки коллежни ўзбек тили гуруҳларида тугатганлар университет ёки институтларнинг рус гуруҳларига ўқишга кира оладими

Лола Болтаева,

 Навоий вилояти

  • Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриятига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом”нинг 4-бандига кўра абитуриент  тест синовларини олий таълим муассасасида ўқийдиган тилда топширади. Бундан келиб чиқадики, мактаб ва коллежни ўзбек гуруҳларида тугатганлар  олий таълим муассасасининг рус гуруҳларига ҳужжат топшириши ва ўқиши мумкин.

БУ ЙИЛГИ ИМТИҲОНЛАРГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИМИ?

Имтиёзли дипломлиларга имтиёз борми?

 2015-2016 йилги давлат тест имтиҳонлариига ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилганми? Имтиёзли диплом билан академик лицей ёки касб ҳунар коллежини тугатган абитуриентларга имтиёзлар мавжудми?

Гулнора Саидова

Жиззах вилояти

  • Олий таълим муассасалари бакалавриатига  қабул қилиш  учун тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2011 йил 8 июлда 2242-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига  талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тўғрисида”ги Низом асосида ўтказилади. Мазкур Низомга 2014 йил 15 августда 2242-1-сон билан ўзгартириш киритилган. Жумладан, жавоблар варақасига айрим ўзгартиришлар киритилди. Жавоблар варақасида абитуриент титул варақасидан  кўчириши лозим бўлган  таълим муассасаси коди, танлов коди олиб ташланди  ва фақат махсус код қолдирилди. Бундан ташқари фан блоклари олиб ташланиб, кетма-кет 1 дан 108 гача рақамланди(саволлар китобида ҳам 1 дан 108 гача рақамланади). Абитуриент ҳақидаги маълумотлар(фамилияси, исми, отасининг исми, таълим муассасаси, ихтисослик, имзо) 1-бетга кўчирилди.

Севара НИШОНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар