АсосийShou-biznes

Жасур УМИРОВ: «Энди қизлар исмини қўшиққа солмайман!»

У билан аввал сира суҳбатлашмаганим боис санъатидан ташқари оддий инсоний қиёфасини билишга қизиқдим. Аммо бунга эришиш осон бўлмади. Маъмурлари билан давом этган икки кунлик «музокара» ва келишилган вақтнинг айрим сабабларга кўра сурилавериши деб, охири учинчи куни учрашдик. Очиғи, Жасурни тамоман бошқача тасаввур қилгандим. Негалигини суҳбатни ўқигач  билиб оласиз.

- Суҳбатимизни ноодатий савол билан бошламоқчиман. Жасур Умировни жуда сирли инсон дейишади. Кимгадир «очилишингиз» қийин экан.

- Ҳақиқатан ҳам шунақаман. Кимгадир кўнглимни очишим қийин. Аниқроғи «очмайман». Санъаткор бўламизми ёки бошқа касб эгасими, ҳаммамизнинг ўзимизга аён бўлган сирларимиз бор. Менда ҳам шундай. Аммо сир сирлигича қолиши керак. У фош қилинса, сирлиги қолмайди.

- Нега, билиб қолишларидан қўрқасизми?

- Бу қўрқиш эмас, шунчаки айтгим келмайди. Ҳамма билан «ёзилиб» гаплашавермайсиз-у, эҳтимол шунинг учун ҳам мени сирли дейишар.

- Ташқаридан қараганда «борим шу, истасангиз ёқтиринг,  истамасангиз йўқ» дегандексиз.

- Одамларнинг мен ҳақимдаги гап-сўзлари, «деди-деди»лар, қандайдир таърифлар, ўхшатишларни «ёпиштириш»лари очиғи чарчатди. Чарчадим, улардан. Ким мени қандай кўришни истаса, шундай кўради. Ахир ҳар биримиз кўришни хоҳлаган нарсамизни кўрамиз. Аслида эса қандай бўлсам, ҳамиша шундай кўринганман. Бугун эса айтар сўзим, мени қай ҳолатда кўриб турсангиз, шунга ишонинг, мендан нима эшитаётган бўлсангиз шу ҳақиқат.

- Тўғрисини айтсам кескинроқ жавобни кутгандим.

- Қалтис саволларга кўникиб кетибман. Жаҳл қилмайдиган бўлдим.

- Жимжит бўлиб қолсанг, ўзинг ҳақингда кўпроқ эшитасан иборасига амал қилаяпсиз чоғи, кўринмай қолдингиз?

- Фурсати келганда, қилаётган ишларингизни чамалаб кўраркансиз. Менда ҳам шундай бўлди. Илгари кетма-кет қўшиқ ёзаверардим, кўпроқ хит қилишга ҳаракат қилардим. Ўшандаги бешта ашула учун сарфланадиган кучни бугун биттасига қаратаяпман. Нимага? Яхши қўшиқ бўлиши учун. Бугун битта мусиқий альбом учун йигирма-ўттизтадан ортиқ қўшиқ ишлашаяпти. Аммо шулар орасидан биттаси хит бўлаяпти ёки йўқ. Ҳозир ўйлаб кўрсам, шошилиш керак эмас экан. Кези келганида ўзим яратган қўшиқларимдан қониқмасдим. Ана шундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳам шошма-шошарликсиз, қўшиқ ишлаяпман.

- Бугун ҳамма Жасур Умировга «Вай-вай» деяпти, қўшиғингизни тинглаб.

- Бундан жуда хурсандман. Ростини айтаман, «Вай-вай» қўшиғим оммалашишини кутгандим. Барибир янги қўшиқ ишланганидан кейин ҳар бир санъаткордан «шу ашулам хит бўлсайди» деган ўй ўтади,. Кўча-куйда «Вай-вай»ни эшитиб қолсам, ёки мухлислар фикр билдиришса, қувонаяпман.

- Қўшиқни сўзлари жуда қизиқ «Тўйимга Озодбек келади»...

- «Тўйим кенг далада бўлар, кўп ҳам ерга ураверма» сўзларига мос қилиб,  қайсидир санъаткор тўйга ташриф буюришини айтиш керак эди. «Тўйимга Озодбек келади» жумласи эса жуда мос тушди. Озод акани ҳам санъаткор, ҳам инсон сифатида ҳурмат қиламан. 

- Кўриниб турибди, клип учун меҳнат қилинган, анча маблағ сарфланган. Бундай ишларни хонандалик орқасидан эплаш қийин назаримда. Ҳомийингиз ким?

- Мен кеча санъатга кириб келган одам эмасман. Агар истасангиз, эплайсиз. Ҳомийим йўқ. Қўшиқ ёзиш, клип суратга олиш -ҳаммасини ўзим уддалаяпман.

- Клипларда фақат ўзингиз роль ижро этасиз. Нега буни профессионал актёрларга ишонмайсиз?

- Биринчидан қўшиқ ўзимга атаб ёзилгани учун, қолаверса, актёрликка қизиқаман. Кинода суратга тушишни рад этганимга яраша, ўзимни клипларимда роль ўйнашим керак-ку?  

- Кинога «кучингиз» етмаслигидан чўчидингизми?

- Йўқ, нега энди?! Актёрлик борасидаги иқтидоримга ишонаман. Агар кинода суратга тушсам, ролимни уддалай олишимга ҳам кўзим етади. Шунчаки вақтимни қизғонаман. Биласиз, съёмка ишлари узоқ давом этади. Мана шу тарафдан рад этишимга тўғри келди.

- Аҳамият берсам, клипларингиздаги қизларнинг ташқи кўринишида ўхшашлик бор. Бу тасодифми ёки  дидингиз танлови?

- Тасодиф десам тўғрироқ бўлади.  Атай бир-бирига ўхшаш қизлар танланмайди. «Вай-вай»даги бош ролни ижро этган қизнинг қайсидир жиҳатлари, ташқи кўриниши «Жумагул»га ўхшаб қолган. Бу ўзимга ҳам сезилди.

- «Жумагул» (Мадина) билан ўртангизда муҳаббат бўлган экан?

- Бўлмаган гап. Мадина билан фақат иш юзасидан танишмиз. Ҳеч қандай муносабатлар бўлмаган. Ҳатто ҳозир кўришиб қолсак ҳам салом-алик қилмаймиз.

- Сабаб?

- Миш-мишларга сабаб бўлгандек, яқин бўлмаганмиз. Фақат иш юзасидан танишмиз, холос.

- Баъзилар «Жасур нима ҳақида куйлаётганини тушунадими» дейишади. Мен шу саволга қўшимча қиламан, қўшиқларингизнинг сўзлари шу қадар ранг-барангки, эслаб қолиш қийин. Ўзингиз адашиб кетмайсизми?

- Шу кунгача сира адашмаганман. Нима ҳақида куйлаётганимни тингловчиларга етказиб беришга ҳаракат қиламан. Лекин ҳамиша ҳам мени тушунишавермайди. Ҳамма ҳар хил қабул қилади.

- Саволим очиқ қолди, ўзингиз тушунасизми қўшиқ сўзларини?

- Рости, тушунмайдиган сўзларим ҳам бўлади. Мана бу жойини ўзгартириш керакмасми, десам, қўшиқларим устида ишлайдиган шоирлар «дуруст, куйлайвер» дейишади. Хафа бўлмасин, у ҳам бир нимани билмаса гапирмас, деб ижро этаман.

- Қизиқ экансизу, ҳаётда ҳам бировни кўнглига қараб иш тутасизми?

- Биласизми, кўпинча, ўзгартирайлик деган қўшиқларим омадли чиқади. Шу боис ҳам ижодий ҳамкорларимнинг сўзларига қулоқ соламан. Бу билан кимнидир ранжитмаслик учун ўзимга ёқмаса ҳам куйлайвераман дегани эмас.

- Сўнгги қўшиғингизда қизларнинг исмидан фойдаланмабсиз. Ноёб исмлар тугаб қолдими?

- Илгари қизларнинг исмига қўшиқ куйлайди дейишарди, энди бирорта исм қўшилмаган қўшиқ айтсам, нега бундай қилдинг, деяпсиз. Тўғриси, тушунмайман. Ижодда ҳар хиллик бўлгани яхши. Охирги пайтларда шундай бўлиб қолдики, мухлисалар «менинг исмимга қўшиқ айтинг» деб ҳоли-жонимга қўйишмади. Кейин фан-клубим йиғилишида эълон қилдим, энди қизлар исмига атаб куйламайман.

- Бу расмий эълонми?

- (кулади) Тўғрисини айтсам, вақтинчалик ҳолат. Аҳир мени Жасур Умиров қилиб танитган қўшиқларим шулар-ку: «Жумагул», «Ойша», «Биллура». Бу мени ўзига хос «бренд»им.

- Жасур нега аксарият қўшиқларингиз тўйбоп?

- Тўй бўлгани яхши-да.

- Бу жавоб эмас.

- Шу йўналишдаги қўшиқларни яхши кўраман. Характеримга яқинлик бор.

- Қўшиқда юракдан ҳис этилган оғриқ бўлиши керак. Сизда эса кўпроқ аламзадалик борга ўхшайди.

- Ўзимга ҳам шунақа туюлади. Қўшиғим тайёр бўлгач, эшитиб кўриб, сезаман, аламзадаликни.

- Қаердан бу кайфият? Нега қўшиқларингизга кўчади?

- Ҳаммани ҳаёти ҳар хил. Кимдир севгисига етолмайди, қайсидир санъаткорда куйга солган қўшиғидаги дард бўлади. Буни тушунтириш қийин.

- Кўп эътибор берганман овозингиздан юқори диапазонда куйлайсиз. Ҳатто баъзи жойларида зўрма-зўраки айтилаётгани ҳам сезилади.

- Ҳақсиз. Ҳаракат қиламан овозни бир маромда ушлаб туришга. Баъзида хизматлардан кейин овозим зўриққани билинади, безовталик бўлади. Лекин юқори диапазонни олмасам, мухлисларим мени бошқача қабул қилишлари мумкин. Чунки улар мени баланд овозда куйлашимга ўрганишган.  Бусиз «Жасур Умиров» бўлолмайман.

- Гапимдан ранжимангу, лекин катта ёшлилар сизни ёқтиришмайди. Уларнинг ҳам кўнглигини олишга уриниб кўрмайсизми?

- Шу йили катта ёшли аудитория учун қўшиқлар тайёрлаяпмиз. Насиб қилса, ноябрь ойида бўладиган концерт дастурида ҳавола этамиз.

- Концерт дастурига тайёргарлик бошланибди-да?

- Ҳа, ишлар авжида.

- Сизга нисбатан билдирилган фикрларни инобатга олиб, куйлаш услубингизни ўзгартириб кўрдингиз «Атиргул» қўшиғи билан. Аммо бу акс таъсир берди – ўзингизга ўхшамадингиз.

- Ўзим ҳам тан оламан — маҳзун тарона менга ярашмади. Мухлисларим мендан бундай қўшиқни ё кутишмаганди ё қулоққа эриш туюлдими, хуллас, ўзимга ўхшамадим. Бўлиб туради, шунақасиям. Лекин «Атиргул»ни темпида «Одамларни тўйларида» қўшиғимни куйлангандим. Буниси яхши қабул қилинди. Гоҳида ундай, гоҳида бундай-да.

- Ҳаётда ҳам бошқаларнинг сўзига кириб, ўзгартиришлар қилаверасизми?

- Ҳеч қачон битта фикрга ёпишиб олиб, шу тўғри демайман. Танқидларни ҳам тўғри қабул қиламан. Агар бу тўғри танқид бўлса! Атрофимдагиларнинг сўзларини инобатга олишга ҳаракат қиламан.

- Агар бу фикрлар ўзингизга-ўзингиз қарши чиқишингизга мажбур қилса-чи?

- Бордию ўзимга-ўзимга қарши чиқишимга ундайдиганлари бўлса эътибор қилмайман, унутиб юбораман, умуман эшитмайман.

- Ҳар интервьюда яқинда уйланаман, дейсиз. Ваъда – ваъдалигича қолиб кетаяпти.

- Насиб қилганда. Маъқул келадиган қизни учратмадим. Излаяпман.

- Тахминимча, сиз телбаларча севиб қолишингиз мумкин, ёки янглишдимми?

- Адашмадингиз. Романтикман.

- Сиз-а?

- Ҳа, телбаларча севиб, қаттиқ рашк қилиб, эс-хушимдан айрилишим ҳеч гап эмас. Агар бу чин муҳаббат бўлса. Шунақаси учрамаётгани учун ҳам уйланиш ортга сурилаяпти.

- Сизни «қизларга суяги йўқ» дейишарди.

- Ўзимни шундай кўрсатаман. Аслида бундай эмасман. Ҳақиқий муҳаббатга ишонаман, соғиниб кутаяпман уни.

- Ўзингиздан кимнидир ясашга нима ҳожат бор?

- Шу йўл билан атрофимдаги қизларнинг феъл-атвори, юриш-туришини билиб оламан. Қизларнинг сизга муносабатини ўрганишнинг энг осон йўли ҳам шу.

- Сирларимни очмайман дегандингиз, суҳбат аввалида, мана биттасини фош қилаяпсиз.

- Майли, билишса билақолишсин.

- Сизни таваккалчи десам хато қилмайманми?

- Йўқ. Таваккалчиман.

- Ютиш билан бирга ютқазиш ҳам бор-ку.

- Тўғри, ҳар доим омадингиз келавермайди. Лекин таваккал қилмасангиз билмайсизда ютасизми ёки йўқми?

- Ёмғир шаррос ёғаётганида уст-бошингнинг ҳўл бўлиши муҳим эмас. Муҳими ёнингда сенга соябон тутоладиган инсоннинг борлигидир. Сизнинг соябон тутган яқинингиз...

- Ота-онам, акам, яқинларим. Шулар менинг қор-ёмғирдан пана қиладиган инсонларим. Оилам! Аммо оилавий саволларни ёқтирмайман.

- Буни биламан. Шунинг учун сўрамай тургандим.

- Ҳамма гапни гапираверсам, кейинги интервью учун мавзу қолмайди. Кези келганида бу ҳақида ҳам суҳбатлашармиз.

- Тўғрисини айтсам, сиздан бошқача суҳбатни кутгандим. Ўзига бино қўйган, саволларга қўрслик билан жавоб берадиган Жасурни кўраман дегандим.

- Суҳбатимиз кайфиятим яхши бўлган пайтга тўғри келиб қолди. Кейин ҳамма гапни тўғри қабул қилишни ўргандим.

- Ҳамиша кайфиятингиз аъло бўлсин. Ишларингизга омад!

- Раҳмат!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди

 

 

    Бошқа янгиликлар