АсосийJamiyat

Аҳолини фавқулодда ҳолатлардан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида аҳоли ва ҳудудларни тошқинлар, сел оқимлари ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ эҳтимолий фавқулодда ҳолатлардан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилда тошқинлар, сел оқимлари ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.  Жумладан, барча кўчки ва сел хавфи мавжуд ҳудудлар тадқиқ қилиниб, уларнинг хариталари тузилди. Шунингдек, яхши ҳимояланмаган ижтимоий инфратузилмалар аниқланди ва уларда зарур қурилиш ишлари ўтказилди.

Шу мақсадда эҳтимолий сел оқимлари йўлларига тўсиқлар ўрнатилиб, дамба, кўприк ва йўллар таъмирланди ва мустаҳкамланди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият органларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан барча сел хавфи мавжуд бўлган дарёлар тозаланиб, қирғоқларга сел оқимлари ҳосил бўлишининг олдини оладиган янги тўсиқлар ўрнатилди.

Бундан ташқари, гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳодисалар юзага келиши мумкин бўлган ҳудудларда яшайдиган аҳоли ўртасда тушунтириш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида иштирокчилар учун Зилзилани симуляция қилиш марказига экскурсия уюштирилди.

 

    Бошқа янгиликлар