АсосийJamiyat

“Ўзбекнефтегаз” жамоат транспорти учун нефть маҳсулотлари етарли эканлигини маълум қилди

“Ўзбекнефтегаз” матбуот хизматининг ахбороти

Кейинги вақтларда айрим интернет нашрларида Тошкент шаҳрининг жамоат транспорт воситалари учун, гўёки, дизель ёнилғиси етишмаяпти ҳамда унинг таъминоти 30 фоизга қисқартирилган эмиш, деган маълумотлар пайдо бўлди. Ушбу нашрлар муаллифлари «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компаниясининг сайтида тарқатилган расмий ахборотга асосланмоқдалар.

Уларнинг баёнларига жавобан маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сонли "Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида«ги Қарорига мувофиқ «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси тўловни 100 фоиз олдиндан амалга ошириш шарти билан, шартномавий мажбуриятлар асосида ёнилғи етказиб беряпти.

Хусусан, ҳозирги вақтда «Ўзнефтмаҳсулот» АК «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси корхоналарига амалдаги шартнома доирасида айни вақтга қадар тўлаб қўйилган маблағ миқдорига қатъий мувофиқ бўлган ҳажмда ёнилғи етказиб бермоқда.

Шунингдек, «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компаниясида «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси ва бошқа истеъмолчилар транспорт воситаларини узлуксиз ва чекланмаган миқдорда таъминлаш учун барча керакли нефть маҳсулотлари, шу жумладан дизель ёнилғиси ҳам етарли ҳажмда мавжудлиги тўғрисида хабар берамиз.

Дарвоқе, жорий йилнинг 31 май куни “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси интернетдаги расмий саҳифасида ёнилғи маҳсулотларини етказиб бериш 30% қисқаргани сабаб жамоат транспорти ҳаракати оралиғи узайиши ҳақида маълумот қолдирган. Ушбу хабар ҳали ҳам сайтда мавжуд.

    Бошқа янгиликлар