Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги Тинчликобод маҳалласида “Камолот” уйлари қуриб фойдаланишга топширилди.
Ҳар бири 32 хонадондан иборат иккита тўрт қаватли замонавий уйда эндиликда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган, фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида юксак натижаларга эришган ёшлар истиқомат қилади, дея хабар беради ЎзА.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг жамият ҳаётида янада фаол иштирок этиши ва ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар бўлиб ўрин эгаллашида дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу қарор асосида тасдиқланган дастурга мувофиқ мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида иккитадан “Камолот” уйларини қуриш, уларни фаол ёш оилаларга имтиёзли кредит асосида бериш, бу турар жойлар негизида келгусида «Камолот» шаҳарчалари барпо этиш кўзда тутилган.
Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрда “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Камолот” уйларини қуриш ҳамда фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган объектларни кўп квартирали уйлар сифатида реконструкция қилиш, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган фоизли ставкада ипотека кредити асосида ёш оилаларга мулк қилиб бериш тартиби белгиланган.
Эътиборлиси, тижорат банклари томонидан ёш оилаларга квартира сотиб олиш, якка тартибда уй қуриш ёки уни реконструкция қилиш учун берилаётган ипотека кредитларидан фарқли равишда «Камолот» уйларидаги квартиралар 20 йилга кредитга берилади, унинг дастлабки 5 йили имтиёзли давр ҳисобланади, бошланғич бадал талаб қилинмайди.





