Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан йирик миқдордаги косметик воситалар, парфюмерия маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.
Жумладан, “Келес” темир йўл божхона пости ходимлари “Москва-Тошкент” йўналишидаги юк поезди орқали фуқаро А.Юлчиев (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан умумий қиймати 41,5 млн. сўмлик турли товар-моддий бойликларни, шу жумладан 1223 дона парфюмерия ва косметика маҳсулотларини яширин равишда олиб кирилишининг олдини олишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ва “Тошкент-Аэро” ИБК Ахборот хизматлари хабар беради.
Олинган тезкор маълумотлар асосида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда фуқаролар М.Асадов ва А.Турдиевлар бошқарувидаги “Дамас” ва “Кобальт” автомашиналари тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашиналарда ҳорижда ишлаб чиқарилган 8 турдаги салкам 2,5 минг дона косметика ва парфюмерия маҳсулотлари ноқонуний равишда олиб кетилаётганилиги фош этилди. Юк эгалари қиймати 35 млн. сўмлик ушбу товарларнинг сифати ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олишмади.
Шунингдек, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комлпекси ходимлари томонидан “Сеул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган наманганлик Ш.Самандаровнинг қинғир қилмишларига нуқта қўйилди. Қарангки, бу шахс юклари орасига 159 дона косметика воситаларини яширган ҳолда республикамиз ҳудудига олиб киришни кўзлаган экан.
Бундан ташқари, Москвадан учиб келган қашқадарёлик А.Комилов 130 дона, сурхондарёлик Н.Лутфуллаева эса 66 дона косметика ва парфюмерия воситаларини божхона баённомасида ва оғзаки сўровлар пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.





