Аввал хабар берилганидек Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 27-29 май кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлди.
Музокаралар якунида Президентлар барча йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари белгилаб берилган Қўшма декларацияни имзоладилар.
Умуман, ташриф доирасида ва бўлиб ўтган Ўзбекистон – Корея бизнес-форуми якунлари бўйича 60 битим ва шартнома имзоланди. Уларнинг 55 таси савдо-иқтисодий, инвестиция ва молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига тааллуқлидир. Инвестициявий ҳамкорлик соҳасида 34 битим, жумладан, нефть-кимё ва кимё соҳасида 5 лойиҳа, автомобиль саноатида 9, электротехника соҳасида 5 лойиҳа имзоланди. Ушбу битимлар углеводородларни чуқур қайта ишлаш, метанол ва олефин олиш учун табиий газни қайта ишлаш бўйича энг замонавий технологияларни жорий қилиш, азот кислотасини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, уч русумдаги машҳур янги замонавий автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги авлод автомобиль двигателлари, трансмиссиялари ва бутловчи қисмлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, замонавий маиший электротехника буюмлари ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳаларни қамраб олган.
Фармацевтика соҳасида имзоланган 7 лойиҳада онкологик, эндокрин, офтальмология, нафас олиш органлари ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликларини даволаш учун препаратлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
01.06.2015 11:00





