“Туркистон” саройида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда бу жиҳатлар янада бир карра ўзининг яққол ифодасини топди. “Sen yolg'iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирга юртимизнинг турли ҳудудларидаги Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари таклиф этилди, дея хабар беради ЎзА.
“Sen yolg'iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Л.Каримова-Тиллаева мамлакатимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларга пухта билим бериш, касб-ҳунарга ўргатишга қаратилаётган юксак эътибор туфайли ўғил-қизлар ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда ёш авлод манфаатларини ҳимоялашга доир ибратли ишлар болаларнинг пухта билим олиши, уларнинг истеъдоди ва ижодий салоҳиятини тўғри шакллантириш, ўз вақтида юзага чиқариш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашда яққол намоён бўлмоқда. Бу борада турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг ижтимоий ҳамкорлик асосида фаолият кўрсатаётгани ўғил-қизларни ҳуқуқий ҳимоялаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига яқиндан кўмаклашиш имконини бермоқда.
«Sen yolg'iz emassan» Республика жамоатчилик болалар жамғармаси тегишли ташкилотлар билан биргаликда мураккаб тақдирли болаларга ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий, маънавий-психологик кўмак кўрсатиш юзасидан тизимли фаолият олиб бормоқда. Ўтган йиллар мобайнида Меҳрибонлик уйларини капитал реконструкция қилиш, таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўқувчиларнинг таълимдан ташқари бўш вақтини унумли ўтказиш мақсадида ташкил этилган фан, спорт, бадиий ижодиёт тўгараклари ўғил-қизларнинг билимларини бойитиб, ўқишга бўлган қизиқиши ва иштиёқини янада орттирмоқда. Турли соғломлаштириш акциялари, ижтимоий лойиҳалар ўғил-қизлар саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўқув йили давомида аъло натижаларга эришган, турли спорт мусобақалари, ижодий танловларда совриндор бўлган болалар диплом ва совғалар билан тақдирланди.
Болалик, беғуборлик байрамига айланган ушбу тадбирда Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчилари томонидан тайёрланган концерт намойиш этилди.





