АсосийJamiyat

Инҳа университети “IELTS”сиз ҳам қабул қилади

Маълумки, юртимиздаги хорижий университетларнинг филиалларида ўқиш учун абитуриентлар кириш имтиҳонларини инглиз тилида топширишади. Имтиҳонлардан ўтиш учун эса албатта инглиз тилида пухта билимга эга бўлишлари лозим. Бунинг кўрсаткичи - IELTS тизими бўйича камида 5.0 балл тўплаганлиги тўғрисида гувоҳномадир.

IELTS тизими бўйича гувоҳнома олишга улгурмаганлар қаерга мурожаат қилишлари мумкин?

Бундай абитуриентлар учун Инҳа университети раҳбарияти томонидан ажойиб имконият яратилди, дея хабар беради Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Матбуот хизмати.

Эндиликда бундай абитуриентлар онлайн тарзда www.inha.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, инглиз тилидан имтиҳон топшириш имкониятига эга бўлишади. Мазкур жараён билан сайт орқали батафсил танишса бўлади. Ҳужжатларни сайт орқали онлайн рўйхатдан ўтказиш 2015 йилнинг 26 июнига қадар давом этади. Вақт бор, аммо ҳар қандай хайрли ишни сўнгги кунга қадар чўзиб юрмаган маъқул!

Эслатиб ўтамиз, Университетга кириш имтиҳонларида энг юқори натижа кўрсатган 10 нафар талабалар университет муассислари томонидан ажратилган грантлар асосида бепул ўқиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Шунингдек, ўқув семестри якунлари бўйича энг юқори натижа кўрсатган яна 10 нафар талабалар кейинги семестрда бепул ўқиш ҳуқуқини қўлга киритишади.2015/2016 ўқув йилида 120 нафар компьютер инжиниринги, ҳамда 130 нафар дастурий инжиниринг йўналишларида, жами 250 нафар иқтидорли ўғил-қизларни ўқишга қабул қилиш режалаштирилган.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро меъёрлар даражасида юқори малакали кадрларни тайёрлашни янада такомиллаштириш, шунингдек, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2014 йил 24 март куни “Тошкент шаҳрида Инҳа университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорга асосан ташкил этилган.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2014 йили 2 октябрда очилган.

Инҳа университети (Жанубий Корея) 1954 йилда ташкил этилган, ҳозирда унда 20 минг нафардан зиёд талабалар турли ихтисосликлар, жумладан АКТ йўналиши бўйича таҳсил олади. «Жоонг Анг Илбо» нашриёти рейтингига кўра, университет муҳандислик ва ахборот технологиялари йўналиши бўйича энг яхши олий ўқув юртлари бешлигига киради. 

    Бошқа янгиликлар