Саудия Арабистонидаги ахборот манбаларининг айтишича, 2017 йилга қадар бутун мусулмон аҳли учун муқаддас саналган, Масжидул Ҳаром жойлашган Саудия Арабистонининг Маккаи мукаррама шаҳрида дунёдаги энг катта меҳмонхона барпо этилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг “Сабақ” электрон нашри маълумотларига асосланиб, muslim.uz хабар берди.
Маълумотларга кўра, меҳмонхона 12 та минора кўринишида қурилади. Ушбу минора кўринишидаги бинолар мажмуасида жами 10 мингта хона, 70 та ресторан, анжуманлар ўтказиладиган заллар ва супермаркетлар жойлашади.
Меҳмонхонанинг 10 та биносидаги хоналар “4 юлдузли” ва қолган 2 тасидалар эса “5 юлдузли” бўлади. Меҳмонхоналар Саудия Арабистонига ҳаж ва умра сафарини адо этиш мақсадида хориждан ташриф буюрадиган миллионлаб зиёратчилар учун хизмат кўрсатиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида меҳмонхона сатҳида вертолётларнинг қўниш-учиш майдончаси қурилади.





