АсосийShou-biznes

Алишер Файз Шодиёра Омоновани элга танитгани “Ёлғон экан-ку”...

"Даракчи" газетасининг галдаги меҳмони “Эътироф-2014” тақдирлаш маросимида ғолибликни қўлга киритган раққоса Шодиёра ОМОНОВА...

1. Шодиёра, тарози палласига иштирокингиздаги хонанда Масрур Усмоновнинг клиплари ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг “Ёлғон экан-ку” қўшиғига ишланган клипни қўйсак, қай бири тош босади?   

— Алишер Файзнинг клипи. Очиғи, “Ёлғон экан-ку”ни тинглаб кўриб, “оғир” қўшиқ экан, қандай ўйнайман, деб ҳадиксирагандим. Ҳолатга киришим ҳам анча вақтни олган. Қўшиқ “мағзи”ни чаққанимдан сўнггина уни ҳис қилишни бошлаганман. Раққоса сифатида тер тўкишга мажбур қиладиган қўшиқ эди-да. Мени айнан шу қўшиқ халққа танитиши хаёлимга ҳам келмаганди. Масрур Усмоновнинг клиплари мени раққоса эмас, актриса сифатида танитган холос.         

2. “Эътироф” мукофотига сазовор бўлдингиз. “Бу мукофот менга муносиб равишда берилди”, деган фикрдамисиз ё ҳали эртамиди?

— Саволларингиз бунча қалтис? (Ўйланиб) Назаримда, “Эътироф”га муносиб эдим! Номинациядаги ҳар бир номзод ўзини мукофотга лойиқ кўради, бу ҳақиқат. Бу йил иккинчи бор номзодим қўйилиши эди.       

3. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг иккинчи босқич магитсранти бўлиш билан бирга рақс фаолиятини ҳам тўхтатмаяпсиз. Мен ҳам магистрман, иш билан ўқишни уддалаш осон эмаслигини биламан. Илмий иш ёзишга вақт ажратиб, дарсларга мунтазам қатнайсизми ё...    

— Яширмайман, дарс қолдириб тураман. Билим жиҳатдан оқсаб қолмаслик учун имкон қадар талабалик вазифамни бажаришга ҳаракат қиламан. Диссертация бўйича илмий раҳбарим — профессор Мансур Бекмуродов бўш вақтимга қараб, мен билан шуғулланади. Шу сабаб бу борада қийналмаяпман. Рақс билан эса тунда шуғулланаман.

4. Биринчи муҳаббатингизнинг сиз учун курашмаганига сабаб раққосалигингиз эмасми?         

— Шу билан боғлиқ... Аввалига руҳан чўкиб қолгандим. Кейинчалик бу менга “дарс” бўлганини англадим. Балки у инсоннинг севгиси учун курашмагани боиси атрофдагиларнинг ҳар хил гўп-сўзлари оғир ботганидадир. Биласизми, ҳар бир касбнинг ижобий ва салбий томонлари бор. Лекин раққосалик касби ҳақида нотўғри фикрда бўлиш бу — шундай ўйловчиларнинг камчилиги бўлса керак.       

5. Оила қурганингиздан сўнг турмуш ўртоғингиз ё қайнонангиз раққосалик фаолиятини тўхтатишингизни талаб қилишса рақсдан осонликча кечиб, таҳсил олаётган мутахассислигингиз бўйича ишлайверасизми?

— Мени тушунадиган инсон учрашини ният қиламан. Бордию танлов қўйилса, оилани танлайман. Бироқ рақссиз яшаш қийин бўлади. Асл мутахассислигим бўйича ҳам ишлаш режам бор. Насиб этса, докторлик ишини ҳам ёзмоқчиман.        

6. Маҳорати сиздан устун бўлган учта тенгдош раққосани санаб беринг!

(Ўйланиб) “Ўзбекистон” рақс ансамблининг раққосаси Дилором Мадраҳимова “техник” маҳорат, “пластика” бўйича мендан устун. Бошқасини билмайман (кулади).     

7. Самандар Ҳамроқулов сизни “Ўткан кунлар” фильми қаҳрамони Кумушга ўхшатишини яширмаганди. Юзингиздаги холингиз кўпчиликнинг шундай фикрга келишига сабаб. Ўлмас Оллобергановнинг “Онам” клипида Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилованинг ёшлигини ҳам ижро этдингиз. У кишига тақлид қилганмисиз?    

— Ёшлигимда жуда ҳавас билан қарардим. Гулчеҳра опанинг Кумушидаги миллийликка тақлид қилганман. Ролини кўриб, мен ҳам Кумушни ижро этгим келарди. Ҳатто шу асардан илҳомланиб, “Ўзбекчиликда миллий менталитетимиз” номли китоб ёзганман. Тайёр ҳолга келганида эса “флешка”мни йўқотиб қўйиб, сўнг бу ишга қайтиб қўл урмадим.   

8. Санъат соҳасида ҳар бир ижодкорнинг ўз даври бўлади. Сизнинг даврингиз қайси раққосанинг даври тугашига тўғри келди?

(Ўта қалтис савол) билмадим, жавоб беролмайман. Лекин фикрингизга қўшиламан, ҳар бир ижодкорнинг ўз даври бўлади.   

9. Кетма-кет клипларда суратга тушишингиз томошабин меъдасига тегиши ҳақида ўйлаганмисиз ё бугун экрандан тушмаётган раққослар билан кимўзарга ўйнаяпсизларми?   

— Меъдага тегиб қолмаяпмиканман, деган фикр доим мени ўйлантиради, балки шундай бўлгандир ҳам. Бу ҳолатда ягона таскин ҳар бир чиқишимда турфа хилликка эътибор қаратаман. Лекин кимўзарга ўйнаш хаёлимга ҳам келмаган.  

Махсус савол!

10. ПАРИЗОДА, раққоса: — “Инстаграм”даги саҳифаларингизда ёзилган салбий фикрларга кўзим тушди. Шахсан мен ундай изоҳларни ўчириб ташлайман. Боиси бу ҳам ижодкорни қаддини букиб қўяди. Лекин ўринли танқидларни муносиб қабул қиламан. Сиз-чи, қандай йўл тутасиз?    

— Кайфиятим тушади, лекин бошқа тарафдан хурсанд бўламан. Чунки “мевали дарахтга тош отилади”, демак мухлисларнинг диққат маркзидаман. Салбий фикрлардан ўзимга хулоса чиқарман. Ўша изоҳнинг яхши томонини топишга ҳаракат қиламан. Бироқ уларга жавоб ёзиб, гап талашишни ўзимга эп кўрмайман.      

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

    Бошқа янгиликлар