Тошкент шаҳар ҳокимлигида замонавий технологияларни жорий этиш орқали пойтахтимиз электр энергияси таъминоти тизимини янада ривожлантириш масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” очиқ акциядорлик жамияти ва шаҳар ҳокимлиги мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
“Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” очиқ акциядорлик жамияти бош муҳандиси Д.Сайдуллаевнинг сўзларига кўра, айни пайтда пойтахтимизда 595 мингдан ортиқ жисмоний ва 18 мингдан зиёд юридик шахс электр таъминоти хизматидан фойдаланмоқда. Шу боис марказлаштирилган электр таъминоти тармоқларини модернизация қилиш, эскирган кабель ва симларни алмаштириш, капитал таъмирлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда эскирган ва ишдан чиққан симлар электр энергияси узатиш линияларининг ҳар қандай об-ҳаво шароитида барқарор ишлашини таъминлайдиган замонавий изоляцияланган симлар билан алмаштирилмоқда. Тез орада 30 километрдан ортиқ масофага шундай симлар тортилиши режалаштирилаётир.
Марказлаштирилган электр тармоқларининг “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” очиқ акциядорлик жамияти томонидан модернизация қилиниши самарасида жорий йилда электр энергиясини авария ҳолатида ўчиришлар сезиларли камайди. Жорий йил охирига қадар 280 километр электр тармоқлари капитал таъмирланади.





