АсосийSport

Марказий осиё чавандозлари беллашди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр” от спорти клубида от спорти бўйича Жаҳон кубогининг Марказий Осиё лигаси I саралаш босқичи бўлиб ўтди.

ЭЛЛИККА ЯҚИН СПОРТЧИ ҒОЛИБЛИК УЧУН БАҲСЛАШДИ

Республикамиз дунёнинг юздан зиёд давлатларидаги от спорти федерацияларини бирлаштирган Халқаро от спорти федерациясига 1993 йилнинг август ойида Бразилияда қабул қилинган. Марказий Осиё лигаси саралаш босқич мусобақалари 1999 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда.

Халқаро от спорти федерацияси (FEI), Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда мамлакатимиз от спорти федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада эллик нафарга яқин спортчи ғолиблик учун баҳслашди.

КУЧЛИ УЧЛИК КИМЛАР?

Мусобақанинг шахсий биринчилик баҳсларида иштирок этган чавандозларимиз юқори натижа кўрсатиб, мухлису мутахассисларни хушнуд этди. Баландлиги 130-135 сантиметр бўлган тўсиқлардан от сакратишда Ғайрат Назаров “Солист” лақабли отида олтин, “Ласинос Бой” лақабли тулпорида бронза медални қўлга киритди. “Лоу Леверет” лақабли оти билан иштирок этган яна бир спортчимиз Владимир Шмелёв иккинчи ўринни эгаллади. 

140 сантиметр баландликдаги тўсиқларни забт этишда Абдушукур Собиржоновга тенг келадиган топилмади. Темур Содиқов “Арагон” лақабли оти билан иккинчи ўринни эгаллади, Ғайрат Назаров “Солист” лақабли отида кучли учликдан жой олди. 

КУТИЛМАГАН НАТИЖА

Жаҳон кубоги саралаш босқичи – Гран-при баҳслари кутилмаган натижаларга бой бўлди. Ёш чавандозимиз Абдулазиз Маматхонов “Форжулия” лақабли отида 140-160 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан от сакратиш баҳсларида 77,42 сония натижа билан жаҳон кубоги I саралаш босқичи ғолиби бўлди. 

Тажрибали чавандозимиз Владимир Шмелёв иккинчи, қирғизистонлик Ринат Галимов учинчи ўринни эгаллади.

 “БАҲС ОСОН КЕЧМАДИ”

А. Маматхонов, ёш чавандоз: – Мусобақада ғалаба қозонганимдан хурсандман. Тажрибали чавандозлар билан баҳслашиш осон кечмади. Энди жаҳон кубогининг қолган саралаш босқичларида ҳам юқори натижаларга эришишга ҳаракат қиламан. 

“МИЛЛАТЛАР КУБОГИ”ДА

Мусобақа доирасида ўтказилган анъанавий “Миллатлар кубоги” жамоавий баҳсларида Аъзам Толиббоев, Феруз Абдуллаев, Ғайрат Назаров ва Умид Комиловдан иборат терма жамоамиз бош совринни қўлга киритди. 

Маълумот учун: Пойтахтимизда от спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби, Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд вилоятларидаги спорт мактаблари, от спорти клубларида ёш чавандозлар мазкур спорт турини ўрганмоқда. Мамлакат миқёсида мунтазам ташкил этилаётган чемпионат ва биринчиликлар уларнинг тажриба-маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон от спорти федерацияси билан ҳамкорликда

Сарвар САФАРОВ тайёрлади

 

    Бошқа янгиликлар